Жарқўрғонда ижтимоий соҳа объектларида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишлар, объектлар фаолияти билан танишиш мақсадида Жарқўрғон туманига ташриф буюрди. Дастлаб Қораёнтоқ маҳалласида жойлашган оилавий шифокорлик пунктининг фаолияти билан танишилди. Хусусан, ҳудуд аҳолисининг соғлигини муҳофаза қилиш ва патронаж хизматини сифатли кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Шунингдек, ушбу маҳаллада жойлашган 66-сонли мактабда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида бириктирилган оилалар фарзандлари учун ташкил этилган тўгараклар фаолияти билан танишилди. Ушбу тўгараклар болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг интеллектуал ва жисмоний ривожланишига ҳисса қўшишга мўлжалланган бўлиб, турли йўналишларни ўз ичига олади.
Шундан сўнг, “Улуғбек” маҳалласидаги 2-сонли мактабда стол тенниси ва шахмат марказларининг фаолияти ҳам кўздан кечирилди. Бу марказлар болалар ва ёшларга спорт ва интеллектуал ўйинларни ўргатиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ташкил этилган. Вилоят раҳбари ўтган ҳафта туманга ташрифида маҳалла Ёшлар етакчиларига ушбу марказларни ташкил этиш учун стол тенниси ва шахмат жиҳозларини топширган эди.
Кейинги манзил Минор маҳалласидаги 268-сонли оилавий боғча бўлди. Бу ерда камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган оилалар фарзандларини қамраб олиш, уларнинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилган. Боғчанинг қулай шароитлари, замонавий жиҳозлар билан таъминланиши болаларнинг ривожланиши учун катта имкониятлар яратади.
Туманга ташриф якунида Минор маҳалла фуқаролар йиғини учун янгидан қурилган бинонинг фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, ушбу маҳаллада “Маънавият сектори”ни ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишилди. Хусусан, урф-одатларимиз ва анъналаримизни ўзида акс эттирган кўргазмалар, миллий ҳунармандчилик маркази ҳамда фольклор жамоаларнинг чиқишлари намойиш этилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz