Термизда ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси иш бошлади

Хабар берганимиздек, бугун “Термиз халқаро савдо маркази” ҳудудида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Рақамли трансформация маркази, "Airitom free zone", Ўзбекистон қурилиш материаллари саноат корхоналари ҳамда Узкимёсаноат уюшмалари ҳамкорлигида ташкил этилган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ярмарканинг очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, холдинг компаниялари ҳамда ишбилармон доиралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Афғонистон давлатидан ташриф буюрган делегация аъзолари қатнашишди.

Вилоят раҳбари тадбирни очиб берар экан, республикамизда ишлаб чиқарувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали саноат салоҳиятини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, самарали чоралар кўрилаётганини таъкидлади ҳамда халқаро савдо маркази Афғонистон билан ўзаро савдо-иқтисодий, инвестициявий алоқаларни янги босқичда ривожлантиришда муҳим майдонга айланганини қайд этди.

Шунингдек, Афғонистон томонидан сўзга чиққан расмийлар бу каби йирик саноат ярмаркасининг Термиз халқаро савдо маркази ҳудудида ташкил этилиши, афғон тадбиркорлари учун берилаётган яна бир имконият эканлигини қайд этди.

Икки кун давом этадиган тадбирдан кўзланган мақсад маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, саноатда кооперация алоқаларини ривожлантириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини ўрганиб чиқиш, келгусида саноат кооперациясини йўлга қўйиш ва иш кўламини кенгайтириш учун буюртмалар портфелини шакллантиришдан иборат.

Маълумот учун, мазкур саноат ярамаркасида 200 дан ортиқ маҳаллий тадбиркорлар ҳамда республикамизнинг 5 та тармоқ корхоналари ўзларининг ишлаб чиқараётган 500 турдаги саноат маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.