Термиз ва Музработ туманларида ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди
Дастлаб, туманнинг “Қаҳрамон” маҳалласида “Голд агро фреш” МЧЖнинг 100 гектар майдонда жойлашган иссиқхоналар комплексида экспортбоп маҳсулотлар етиштириш фаолияти билан танишилди. Қиймати 118,4 млрд сўмни ташкил этувчи лойиҳада 500 та иш ўрни яратилган бўлиб, йилига 7 минг тонна экспортбоп сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилади. Вилоят раҳбари нафақат экспорт, балки аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминловчи бу каби йирик лойиҳалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш лозимлигини таъкидлади.
Шундан сўнг, “Солиобод” маҳалласи ҳудудида "ШАХРУЗ БУИЛДИНГС" МЧЖ томонидан амалга оширилган паррандачилик комплекси фаолияти билан танишилди. Айни вақт 48 минг бош парранда парваришланаётган лойиҳанинг қиймати 44 млрд сўм бўлиб, 30 та иш ўрни яратилган. Иш ўринларининг 14 тасида ёшлар банд қилинган.
Ҳудудларга ташрифини Музработ туманида давом эттирган вилоят раҳбари “Юртим жамоли” маҳалласида жойлашган “Сурхондарё қурилиш монтаж” МЧЖнинг темир бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишди. Лойиҳанинг қиймати 1,2 млрд сўм бўлиб, тўлиқ тадбиркорнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида 8 та янги иш ўринлари яратиш ҳамда йиллик 2 750 куб метр ёки 2,7 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Туманнинг “Ат-Термизий” маҳалласида “Генероус соутҳ” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси танишувнинг кейинги манзили бўлди. 7,3 гектар майдонда, 95 млрд сўмга амалга оширилаётган лойиҳа 2025 йилда ишга туширилиши мўлжалланган бўлиб, тўлиқ қувватда фаолият бошлагач йилига 5 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинади ҳамда маҳаллий бозорга 10 минг тонна сифатли ун маҳсулотлари етказиб берилади.
Вилоят раҳбари туман иқтисодий салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, иш ўринлари сонини ошириш ҳамда экспорт ҳажмини кўпайтириш лозимлигини таъкидлаб, танишувлар давомида мутасаддиларга тадбиркорларни қўллаб қувватлаш ҳамда корхоналар фаолиятини ривожлантириш борасида вазифаларни белгилаб берди.
Ташриф якунида “Зоом” платформаси орқали шаҳар ва туманлар студиялари билан боғланган ҳолда вилоятда экспорт кўрсаткичларининг бажарилиши муҳокама қилинди ҳамда экспортёр корхоналарнинг мавжуд муаммолари тингланди. Экспорт кўрсаткичларини ошириш, экспортёрларни қўллаб-қувватлаш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва етиштириш ҳажмини ошириш юзасидан мутасаддиларга вазифалар топширилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz