Сурхондарё вилояти ҳокими Қизириқ ва Бойсун туманларига ташриф буюрди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Қизириқ туманига ташриф буюриб, 1-3-секторидаги ажримлар кўп қайд этилган маҳаллалар масъуллари ва ажрим ёқасидаги оилалар билан 3-сектор штаби биносида учрашув ўтказди.
Учрашувда оила муқаддаслиги, унинг аҳамияти ва сақланиши лозимлиги ҳақида сўз юритилиб, ажрим ёқасида турган оилалар билан алоҳида профилактик суҳбатлар ўтказилди. Суҳбат давомида оилаларнинг мавжуд муммо ва масалалари ўрганилди. Мутасаддиларга оилаларнинг мавжуд ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш ва тарафларни яраштириш вазифалари белгилаб берилди.
Шундан сўнг, тумандаги “Истара” деҳқон ва буюм бозори атрофидаги коллекторларни замонавий усулда ёпган ҳолда савдо нуқталари ташкил этиш бўйича бошланган лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Вилоят раҳбари коллекторларни замонавий типда ёпиш, бетонлаш орқали сизот сувларнинг чиқиб кетишини таъминлаш ҳамда устидан объектлар қурилишини сифатли амалга ошириш юзасидан тавсия ва кўрсатмаларини берди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудларга ташрифини Бойсун туманида давом эттириб, Пулҳоким маҳалласида 2,5 км ички йўлни таъмирлаш ва асфалтлаш ишларига старт бериш тадбирида иштирок этди. Ушбу йўл лойиҳаси маҳалла аҳолиси учун қулайлик яратиб, турмуш даражасини оширишга хизмат қилади ҳамда кўп йиллик муаммо ўз ечимини топади.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари Пулҳоким маҳалласидаги 28-сонли, Даштиғоз маҳалласидаги 31-сонли, Инкабод маҳалласидаги 27-сонли ҳамда Кофрун маҳалласидаги 32-сонли мактабларда фаоллар ва нуронийлар билан учрашувлар ўтказди. Мулоқотлар аввалида маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш, турмуш фаровонлигини ошириш, хусусан, йўл, сув ва бошқа коммунал хизматларни яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режалар юзасидан ахборот берилди.
Шунингдек, нуронийлар билан суҳбат давомида ҳудудлардаги мавжуд муаммолар муҳокама қилиниб, уларнинг ечимлари юзасидан чора тадбирлар белгилаб олинди. Нуронийлар Президентимизнинг ўз вакиллари орқали энг чекка ҳудудлар аҳолисининг турмуш шароитларини яхшилашга қаратаётган эътиборлари учун миннатдорчилик билдиришди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz