Сурхондарёда тиббиёт ходимлари куни кенг нишонланди

Мамлакатимизда ҳар йили ноябр ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимларининг касб байрами куни сифатида кенг нишонлаб келинади. Бугун сана муносабати билан Термиз шаҳридаги “Олмос” тўйхонасида тиббиёт ходимлари учун байрам тадбири ташкил этилди.

Байрам тадбирида Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Илҳом Сапаров вилоятимиз ҳокимининг соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Сўнги уч йилда вилоятимизда 50 дан зиёд оилавий шифокорлик пункти, оилавий поликлиникалар ҳамда 237 та олис ва чекка ҳудудларда “Маҳалла тиббиёт пункт”лари ташкил этилиб, 100 млрд сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига замонавий тиббий аппаратуралар билан жиҳозланганлиги, натижада қўшимча равишда яна 350 мингдан ортиқ аҳолини бирламчи тиббий хизмат билан қамраб олишга эришилганлиги қайд этилди.

Тиббиёт ходимлари байрами муносабати билан давлатимиз раҳбари фармони асосида соҳанинг бир гуруҳ фидойи ходимлари давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида 2 нафар сурхондарёлик соҳа фидойилари ҳам бор.

Тадбирда ушбу давлат мукофоти соҳибларига орден ва медал ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди. Шунингдек, тизимда алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва совғалари билан тақдирланди.

Тўкин ва файзли дастурхон атрофида давом этган байрам тадбирида пойтахтдан ташриф буюрган ва воҳамизнинг таниқли санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар соғлигимиз посбонларига кўтаринки кайфият улашди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.