Ҳудудларда қишлоқ хўжалиги лойиҳалари ва ирригация тармоқлари модернизацияси ишлари билан танишилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар, йўлга қўйилаётган лойиҳалар ҳамда ирригация тармоқларини модернизация қилиш тадбирларининг бориши билан танишиш, топшириқлар ижросини кўздан кечириш мақсадида бугун Жарқўрғон, Ангор ва Музработ туманларига ташриф буюрди.
Дастлаб, Жарқўрғон тумани "Жайрахона" ҳудудидаги "Камола Камолбек қуюн" фермер хўжалигининг 18 гектарлик майдонида замонавий усулларда ер текислаш ишларининг бориши кўздан кечирилди. Шунингдек, "Термиз Жайхун Кластер" МЧЖ томонидан янги ерларни фойдаланишга киритиш орқали ташкил этилган 100 гектарлик лимончилик иссиқхонаси билан танишилди.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари Ангор туманида "Новшаҳар" каналини бетонлаштириш ишларининг бориши билан танишди. Умумий қиймати 6 млрд 175 млн сўм бўлган мазкур лойиҳа доирасида канал иншоотлари билан бирга реконструкция қилинмоқда. Бу орқали 5,7 минг гектардан ортиқ майдонга сув етказиб бериш самарадорлиги ошади ҳамда беҳуда сарф бўлиши иқтисод қилинади. Шу ернинг ўзида Ангор тумани марказида оқова сув тармоқлари ва оқова сувларни тозалаш иншооти қуриш лойиҳа таклифлари тақдимоти кўриб чиқилди.
Ҳудудларга ташрифини Музработ туманида давом эттирган вилоят раҳбари "Р-1-В" каналини иншоотлари билан бирга реконструкция қилиш лойиҳасининг бориши билан танишди ҳамда мутасаддиларнинг ҳисоботларини тинглади. Ушбу лойиҳа учун 9 млрд сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, 1928 йилда барпо этилган каналнинг 8 км қисми тўлиқ бетонланмоқда. Шунингдек, ташриф давомида туман Сув етказиб бериш маркази томонидан "Р-1-Б" ариғини бетонлаш ишлари билан ҳам танишилди.
Вилоят раҳбари ҳар бир ташриф объектида ирригация тармоқларини модернизация қилиш, оби ҳаётнинг ҳар бир томчисини асраш, беҳуда сарфини камайтириш, дала четларидан самарали фойдаланиш ҳамда ер майдонларини сифатли текислаб, экин мавсумига пухта ҳозирлик кўриш юзасидан чора-тадбирларни белгилаб берди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz