Жарқўрғонда хотин-қизлар бандлиги ва туризм лойиҳалари билан танишилди
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳафталик иш режасига мувофиқ туризм, маданий мерос, маданият ва оммавий коммуникациялар ҳамда хотин-қизлар бандлиги йўналишларида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида ҳудудларга ташрифини Жарқўрғон туманидан бошлади.
Дастлаб, туманнинг "Қорабура" маҳалласида Президентимизнинг "Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан тадбиркор Малика Жумаева томонидан ташкил этилган қандолатчилик цехи фаолияти билан танишилди. Касаначиликни ривожлантириш учун яратилган имтиёз ва имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда бу каби лойиҳаларни кўпайтириш, хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратиш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, маҳалла гузарида хотин-қизлар учун ташкил этилган спорт зал, ҳунармандчилик маркази ҳамда хизмат кўрсатиш нуқталари фаолияти билан ҳам танишилиб, маҳалланинг Хотин-қизлар фаоли фаолияти эътироф этилди. Унинг тажрибасини оммалаштириш ҳамда спорт зал шароитларини яхшилаш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди. Маҳаллада инфратузилмани яхшилаш ишлари ҳам кўздан кечирилиб, мутасаддиларга йўлларни асфалтлаш вазифаси топширилди.
Шундан сўнг, туман Адлия бўлимида ташкил этилган "Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш" маркази фаолияти билан танишилди. Марказ фаолиятини такомиллаштириш, малакали тренерлар, ҳаёт тажрибасига эга фаол нуронийларни жалб қилган ҳолда ёшларни катта ҳаёт тайёрлаш лозимлиги қайд этилди.
Туманга ташриф якунида вилоят раҳбари "Ёшлар ва туризм" кўчасини ташкил этиш ишлари билан танишди. Шунингдек, шу ернинг ўзида мутасаддилар 7 та туманда "Ёшлар ва туризм" кўчасини ташкил этиш юзасидан бажарилган ишлар ва келгусидаги натижалар юзасидан ахборот берди. Ушбу ҳудудларда ташкил этилаётган 7 та кўчада жами қиймати 39,3 млрд сўм бўлган 272 та хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилади ҳамда 1 360 та янги иш ўринлари яратилади.
Вилоят раҳбари кўчаларни белгиланган намунавий лойиҳалар асосида, барча инфратузилмаларни ҳисобга олган ҳолда ташкил этиш, ишларни сифатли якунлаб, фойдаланишга топшириш топшириғини берди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz