Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Сурхондарёлик ҳарбийлар ёшлар билан учрашмоқда

Ана шундай тадбирлардан бири Сариосиё туманидаги Шарғун маданият марказида бўлиб ўтди.
Учрашувда Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Алишер Ширинов, Шарғун шаҳар ҳокими Шерзод Хидиров ва бошқалар кейинги йилларда Қуролли Кучларда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Бу жараёнда ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга, ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаб, уларнинг юртга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат туйғусини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
Бундай улуғвор ишлар армия ва халқ бирлигини, тинч, фаровон ҳаётимизни таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Ҳудудларда ўтказилаётган “раҳбар ва ёшлар” учрашувлари ҳам ана шундай эзгу мақсадга йўналтирилгани билан навқирон авлодда катта қизиқиш уйғотаётир.

Учрашувда йигит-қизларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилиб, улар ўртага ташлаган кўплаб таклиф ва ғоялар қўллаб- қувватланди.
–Туманимизда биз, ёшлар учун ҳарбийлар турли қизиқарли тадбирлар уюштириб, замонавий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаларини ҳам ташкил этмоқда, – дейди Шарғун шаҳридаги 24-мактабнинг 11- синф ўқувчиси А.Мансуров. – Бу каби тадбирларда Ватанни ҳимоя қилишнинг машаққатли ва нақадар шарафли касб эканини чуқур англаб олаяпмиз. Турли ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан яқиндан танишаяпмиз. Бугунги учрашувда мен ҳарбий акаларимизнинг дала-ўқув машғулотларини кузатиш учун ёшларга шароит яратиш таклифини ўртага ташладим. Бу ташаббусим қўллаб-қувватланиб, Сариосиё гарнизони ўқув полигонида ўтказиладиган навбатдаги машғулотларда ёшлар иштирокини таъминлашга келишиб олинди. Эндиликда биз уюшган ҳолда дала- ўқув майдонида машғулотларни томоша қиламиз. Бундан жуда хурсанд бўлдик.
Учрашув доирасида бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олий ўқув юртлари ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга кириш ҳуқуқини берадиган тавсияномалар топширилди.
“Ёшлар ойлиги” тадбирларида фаол қатнашаётган ёшлар Жанубий оператив қўмондонлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Сариосиё гарнизони ҳарбий хизматчилари Мудофаа вазирлигининг “Ватанпарвар” газетаси ва “Ўзбекистон Армияси” журналлари янги сонларини тарқатди. Ёш ҳарбий бахшилар терма ва достонлардан парчалар куйлаб, ёшларга бир олам қувонч улашди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.