Тўра Боболов: “Ёшларни ишончли қанотим, яқин суянчиғим сифатида биламан”
Вилоятда ёшлар ҳаёти ҳар тарафлама ўрганилиб, уларнинг 56 мингга яқини “Ёшлар дафтари”га киритилган эди. Ҳозиргача бу ёшларнинг аксарияти ишга жойлаштирилди. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит маблағи ажратилди. Компьютер ва тикув машиналари берилди. Уч юзга яқин кам таъминланган оиланинг контракт асосида ўқиётган фарзандлари учун олий таълим муассасаларига шартнома пуллари тўлаб берилди.
– Сизларни ҳудудингиздаги энг фаол, зийрак йигит-қиз сифатида танлаб олиб, катта ишонч билдирган эдим, – деди вилоят раҳбари. –Сектор ҳудудида нафақат тенгдошларингиз, балки аҳоли дуч келаётган муаммоларни аниқлаб, менга етказасизлар, деган умидим бор эди. Масалан, бу йил мамлакатда биринчи бўлиб, дон топшириш шартномавий режасини бажардик. Ғалладан бўшаган майдонларнинг бир қисми “Ёшлар дафтари”га киритилган тенгдошларингизга 20 сотихдан берилиши керак эди. Хўш, секторларда тегишли ер майдони ажратилиб, уларнинг даромад топиши учун зироат экилдими? Шу масалада ҳам сизлардан ҳаққоний маълумот кутган эдим. Афсуски, айримларингизнинг фаолиятингиздан қониқмадим. Ёки кеча Ангор туманини айланаётганимда уч нафар ёш келинчакнинг ариқ бўйида турганига дуч келдим. Гаплашсам, сув йўқ, томарқамиздаги экинларимиз қуриб қолади. Шундан ташвишдамиз, дейишди. Бу кўчада 84 хонадон бор экан. Ариқ эса қуриб қолган. Жойида муаммони ўргандим. Сувни шу ҳудудга йўналтиртириб қўйдик. Туни билан одамлар томарқасини суғорди.
– Яна бошқа бир мисолни айтаман, – деди Т.Боболов. – Вилоятда “Обод қишлоқ” дастури ижроси доирасида 1 триллион 900 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шу маблағ ичимлик сувга, йўлга, ободонлаштириш ва бошқа кўзда тутилган мақсадларга тўғри сарфланаяптими? Мен Сизлардан виждони тоза йигит-қизлар сифатида жойлардаги секторлар раҳбарлари илғамаётган шу каби муаммоларни ҳам аниқлаб, менга кўндаланг қўясизлар деганман. Ёшларни ишончли қанотим, яқин суянчиғим сифатида биламан.
Учрашувда сўзга чиққан фаол ёшлар ўз секторлари ҳудудида мавжуд муаммолар ҳақида атрофлича фикр юритди. “Маҳаллабай”, “Хонадонбай” ўрганишнинг натижадорлигини таъминлаш, “Ёшлар дафтари”ига киритилган тенгдошлари дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz
1 изоҳ