Тўра Боболов: Сизларнинг дарду ташвишингиз билан яшаб, муаммоларингизни ечишга кўмаклашамиз

– Президентимиз раислигида жорий йилнинг 23 июль куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди, – деди вилоят раҳбари. – Унда аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг бугунги ҳолати чуқур таҳлил қилиниб, галдаги вазифаларимиз белгилаб берилди. Шунга асосан эндиликда одамларни мурожаат этишга мажбур қилаётган масалаларни маҳалланинг ўзида бартараф қилишга эътиборни янада кучайтирамиз. Сизларнинг дарду ташвишингиз билан яшаб, дуч келаётган муаммоларингизни ечишга кўмаклашишни барча даражадаги раҳбарларнинг муҳим вазифаларидан бирига айлантирамиз. Бугун ҳам ораларингизда ичимлик суви, табиий газ ва уй-жой билан боғлиқ муаммолар билан келган фуқароларимиз бўлса керак. Тоза ичимлик суви ва Термиз шаҳрида аҳоли дуч келаётган табиий газ таъминоти билан боғлиқ масалани давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 1-2 июнь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида ҳал этиб бердилар. Тўпаланг дарёсидан қувур тортилиб, аҳолининг сув масаласидаги мурожаатларига ечим топиладиган бўлди. Вилоят марказида табиий газ таъминотини тубдан яхшилаш учун 91 миллиард сўм маблағ ажратилиб, қўшимча қувур тортишга киришилди. Турар-жой билан боғлиқ муаммоларингизни ҳам босқичма-босқич ҳал этамиз. 

Қарийб 8 соат давом этган очиқ мулоқот чоғида фуқаролар электр энергияси, тоза ичимлик суви, газ таъминоти, бандлик, тиббий хизмат, кредит олиш, ўз бизнесини йўлга қўйиш учун ер ажратиш, моддий ёрдам кўрсатиш каби масалаларда мурожаат этиб, муаммоларни ўртага ташлади.

Жумладан, Термиз шаҳридаги Мажнунтол маҳалласида яшовчи Гулширин Содиқова бир фарзандни камолга етказаётгани, бироқ уч йилдан буён ҳеч қаерда ишламаётгани учун фарзандини моддий таъминлашда етишмовчиликка дуч келаётганини айтди. Мутахассислиги бўйича ишга жойлашишда ёрдам сўради. Бу масала мутасаддилар иштирокида тезда кўриб чиқилиб, жойида ҳал этилди.

– Тўғрисини айтсам сайёр қабулга келдиму, лекин шу ернинг ўзида дарҳол масалам ҳал бўлади, деб ўйламаган эдим, – дейди Г. Содиқова. – “Сурхонсаноат қурилиш” компанияси кадрлар бўлимига ишга жойлашадиган бўлдим. Шу ернинг ўзида компания мутасаддилари келгуси ҳафтадан ишга чиқишимни айтишди. Аҳоли муаммоларини ечишда сайёр қабулнинг энг самарали тизим эканини чуқур ҳис этиб, энди ҳаётимиз тубдан ўзгаришига ишончим янада ошди. Биз, фуқаролар учун бундай имкониятни яратиб берган Президентимиздан чексиз миннатдор бўлдим. 

Аму соҳили маҳалласилик Дилноза Пардаева икки йилдан буён бош оғриқ касалидан азият чекиб келади. Даволаниш учун эса қўли калталик қилган. Сайёр қабулда у шу масалада кўмак сўраб, вилоят ҳокимига мурожаат этди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари шу ернинг ўзида Д. Пардаева билан суҳбатлашиб, унга тегишли ёрдамни кўрсатди. Боши томаграфия ёрдамида бепул кўрикдан ўтказилди. 

– Томаграфия хулосаси билан танишган тажрибали шифокорлар менга ташхис қўйиб, тегишли маслаҳатларини берди, – дейди Д. Пардаева. – Бепул дори-дармон бериб, ширин сўзлар билан кўнглимни кўтарди. Дорилардан тўғри фойдаланиш бўйича тавсияларини билдирди. Соғлигимни тиклаш учун кўрсатилган бундай ёрдамдан бошим кўкка етгандек бўлди. 

Сайёр қабулда уч юзга яқин фуқаронинг 360 дан ортиқ мурожаати тингланиб, мутасаддилар иштирокида уларни жойида ҳал этиш йўллари изланди. 60 дан ортиқ масалага шу ернинг ўзида ечим топилди. Ечими вақт талаб этадиган масалалар бўйича аниқ муддат белгиланиб, ижроси қатьий назоратга олинди. 

 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.