Олтита туман ва шаҳар фуқаролари мурожаати тингланди

Бойсун туманидаги Оби маҳалласида яшовчи Тугал Эралиева икки муаммони баён этди. Низоли уй-жой масаласи суд орқали ҳал бўлиши тушунтирилди. Иккинчи муаммоси бўйича Тошкент давлат иқтисодиёт университетида таҳсил олаётган қизининг контракт тўловига “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағидан ёрдам берилиши айтилди.

Бойсун давлат ўрмон хўжалигида анча йил ишлаб, охирги пайтда ноқонуний ишдан бўшатилган Холиқ Жуманазаров олинмай қолган иш хақларини ундириш ва ишга қайта тиклашда ёрдам сўради. Унинг муаммоларига ечим топиш ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари зиммасига юклатилди.

Бандихон туманидаги Обод юрт маҳалласида яшовчи Хидир Мисиров фермер хўжалигида чорвачилик билан шуғулланаётгани, 2012 йил хориждан тўрт бош зотли қорамол келтириб, бугунги кунда улар сонини 42 бошга етказгани, бироқ, жониворларини ем-хашак билан таъминлаш учун ажратилган 10 гектар майдонга сув йўқлиги сабабли озуқабоп экин экилмаётганини маьлум қилди. Бу масалани залда ўтирган туман ҳокими Ўткир Чориев ҳал этадиган бўлди.

Музработ туманидаги Халқ йўли маҳалласида яшовчи Бозорбой Шайманов туман “Деҳқон бозори” ёнида истиқомат қилишини, ўзини ўзи ишли қилиши учун “Муравей” аравачали мототцикл харид қилишда амалий ёрдам кўрсатишни сўради. Вилоят ҳокими биринчи ўринбосари Ф. Маманов вилоят Марказий банки мутасаддиларига фуқаро номига кредит расмийлаштириб, мотоцикл олиб бериш масаласини зудлик билан ҳал қилиш юклади.
— Бойсун туманидаги Пасурхи қишлоғида яшайман, — деди ўзини ёлғиз онаман, деб таништирган Рисолат Салимова. — Эрим вафот этган. Туман ҳокими ва бошқа ҳомий ташкилотлар кўмагида 2 хонали уй қурдим. Бир ташкилотда ишлайман, ҳовлимда товуқ боқаман. Қисқаси, бировга ёки давлатга боқиманда бўлишни хуш кўрмайман. Бироқ, яшаб турган уйимда тинчлик йўқ. Вафот этиб кетган турмуш ўртоғимнинг синглиси Зиёда Раҳмонова, укаси Хуршид Раҳмонов ва бошқа қайин опа-қайин укаларимнинг нияти яшаб турган уйимдан чиқариб юбориш.

Вилоят ҳокими ўринбосари Ф. Маманов мурожаатчига уй-жойга оид низоли ишлар суд орқали ҳал қилинишини тушунтирди.
Термиз шаҳридаги Тупроққўрғон маҳалласида яшовчи Бахтигул Қурбонова янги уйлардан олгани, лекин, оилавий шароити туфайли уй-жой кредитини тўлашда қийналаётганини баён этди. Кредитни қисман қоплаш масаласини Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиев ўз зиммасига олди.
Фуқаролар билан бўлган мулоқот чоғида бойсунлик Чори Тўрақулов, ангорлик Нафиса Чориева, шерободлик Муҳиддин Қўшоқов, музработлик Бахтиёр Раҳимов, термиз шаҳрилик Сокина Тўрақулова, Баҳриддин Қурбонов, термиз туманидан Зуфар Сайфитдинов, Дилбар Алламуродова, жарқўрғонлик Раъно Йўлдошева, Рустам Қувондиқов каби 70 дан зиёд фуқаронинг уй-жой, ишга жойлаштириш, кредит олиш, йўл қурилиши, сув таъминоти, оилавий низоларга оид арзлари тингланиб, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари зиммасига зудлик билан ҳал этиш юклатилди.
Шу куни Шўрчи туманида Қумқўрғон, Олтинсой, Шўрчи, Денов, Сариосиё ва Узун тумани фуқаролари мурожаати тингланиб, секторлар ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида аҳоли ўртага ташлаган масалаларни жойида ҳал этиш йўллари изланди

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.