Келажакни бугунги ёшлар барпо этади

Тантанали маросимда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқиб, янги клубни ташкил этиш мақсадлари, жамиятимиз тараққиётидаги аҳамияти, вазифалари ҳақида атрофлича фикр юритди. Клуб аъзоларининг фаолиятига омад тилади.

Президентимизнинг жорий йил 30 июндаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда ёш авлоднинг ҳал қилувчи куч сифатида майдонга чиқишида муҳим омил бўлмоқда. Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги интеллектуал жиҳатдан салоҳиятли ва фаол фуқаролик позицияси ҳамда мустақил дунёқарашга эга, теран фикрлайдиган, мамлакатимизнинг ёш лидерлар қатламини шакллантириш ташаббусини илгари сурди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сурхондарё филиали қошида 20-35 ёшли олий таълим муассасалари талабалари, давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритиб келаётган ёш давлат фуқаролик хизматчилари учун «Келажак лидерлари» клуби фаолияти йўлга қўйилди.

– Бу учрашувимизнинг ўзига хос жиҳати шундаки, бугун келажак яратувчиларини шакллантиришда яна бир муҳим қадам ташланмоқда, – деди вилоят раҳбари. – Барчамизга аёнки, келажакни бугунги ёшлар, яъни сизлар барпо этасиз. Давлатимиз раҳбарининг ёш авлод камолоти ва уларнинг бахту-саодати йўлида олиб бораётган ислоҳотларини, кўрсатаётган ғамхўрликлари ва сизларга билдираётган юксак ишончини ҳам ҳар бирингиз қалбан ҳис этиб турибсиз. Бу клуб ёш ватанпарвар лидерлар қатламини шакллантириб, давлат хизмати учун ёш кадрлар захирасини яратиш, тайёрланган ёш лидерлар ўз ортидан тенгдошларини эргаштириб, давлатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш ҳамда давлат фуқаролик хизматида ёш истиқболли кадрларнинг улушини ошириш, ёшлар орасида давлат хизматчилари тўғрисидаги эскича қарашлардан воз кечиб, ёшларнинг давлат хизматидаги фаоллигини рағбатлантиришдан иборат.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов ZOOM орқали иштирок этиб, вилоятда фаолият бошлаётган «Келажак лидерлари» клуби аъзоларининг келгусида ёш ватанпарвар лидерлар қатламини шакллантириб, ўз ортидан тенгдошларини эргаштириши ва Янги Ўзбекистонни барпо этишига ишонч билдирди. Бундай эзгу йўлда уларга муваффақият тилади.

Тадбирда клуб аъзолари номидан вилоят ҳокимлиги ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалари бўйича биринчи тоифали мутахассиси Дилшода Шермуҳамедова, Термиз шаҳридаги 7-умумтаълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси Лазизжон Даминов ва бошқалар билдирилган юксак ишончни оқлаш учун ўқиб, изланиш ва келажакда мамлакатимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшадиган лидерлар бўлишга сўз берди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.