Сурхондарёда 108 ёшли момога давлат мукофоти топширилди

Тақдирланганлар сафида Бандихон тумани Бирдамлик маҳалласида яшайдиган 108 ёшдаги Зулфин момо Ғаппарова (Жумаева) ҳам бор.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов бугун пиру-бадавлат онахон хонадонида бўлиб, Президентимизнинг байрам табригини ўқиб, эшиттирди. Давлатимизнинг юксак мукофотини тантанали топширди. Зулфин момо билан дилдан суҳбатлашиб, саломатлиги билан қизиқди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлариштирок этган тадбирда мамлакатимизда кейинги йилларда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган чексиз эҳтиром уларнинг ёшига-ёш қўшиб, навқирон йигит-қизларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат рухида тарбиялашга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Ҳаётининг энг навқирон даври очарчилик, уруш ва ундан кейинги тикланиш даврига тўғри келган Зулфин момо кўплаб синовларни бошдан ўтказди. Далада туну-кун ишлаб, қўш ҳайдади. Фронт ортида меҳнат қилиб, тўйиб нон емади. Турмуш ўртоғи Эшболта Ғаффаров билан уч ўғил, уч қизни тарбиялаб камолга етказди. Айни пайтда 20 дан ортиқ невара, 14 чевара ва уч эваранинг суюкли момосидир.

Зулфин момо Ғаппаровамеҳмонларга болалик, ёшлик ва ундан кейинги оғир йиллар ҳақида ўз хотираларини сўзлаб берди. Мустақилликнинг кейинги йилларида кўрсатилаётган эътибор учун давлатимизга чексиз миннатдорлик билдирди.

-Болажонларим, ҳаётнинг кўп синовларига дуч келдим,-дейди Зулфин момо Ғаппарова.- Қорнимиз тўйиб нон емадик. Очарчилик, уруш ва кейинги тикланиш йилларида кўплаб яқинларимиздан айрилдик. 

Кунни тунга улаб меҳнат қилсак-да, ҳеч ким раҳмат айтмади. Ҳозир невараларимдан сўрасам, улар яратилган шароитларни, кўрсатилаётган эътиборни фахр билан гапириб беради. 

Мен эса ана шундай кунларни фақат орзу қилиб яшадим. Мана, яратганга шукрки, қўлимдан бир иш келмаса ҳам бугун болаликдаги орзуларим невара-чевара ва эвараларим ҳаётида руёбга чиқаётганини кўриб, эшитиб, қувонаман. 

Сўнгги йилларда биз, қарияларга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан бошим кўкка етгандек бўлади. Ҳар тонг Президентимизга соғлик, ёшларга узоқ умр, осайишта, тўкин Ватанимизга тинчлик тилаб дуо қиламан.

Айни пайтда Зулфин момо Ғаппарова бардам ва тетик. Хотиралари мустаҳкам. Бугунги кунда ҳам ёшларга панду-насиҳат бериб, ҳозирги дориломон кунларнинг қадрига етиш, тўкин, осуда турмуш учун шукрона айтиб яшаш,мустақиллигимизни кўз қорачиғидек асраш ва кексаларга ҳурмат, ўзидан ёшларга иззат кўрсатишга даъват этмоқда.

Шу куни пиру-бадавлат онахонга вилоят ҳокимининг байрам совғалари ҳам топширилди. Таббарук момо Ватанимизга тинчлик, юртимизга ободлик, хонадонларга тўкинлик тилаб, дуога қўл очди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.