Термиз туманидаги балиқчилик хўжаликларига пресс-тур уюштирилди
2020 йилда вилоятда 15 минг тонна балиқ тайёрланган. Шунингдек, йил давомида умумий қиймати 27 миллиард сўм бўлган 35 та янги балиқчилик лойиҳалари амалга оширилди.
Жорий йилда вилоятда балиқ етиштириш ҳажмини 20 минг тоннага етказиш режалаштирилган.
Пресс-тур қатнашчилари дастлаб Термиз туманидаги “Termiz agro fish export” МЧЖ фаолияти билан танишди. Ушбу балиқчилик хўжалиги 2016 йилда ташкил этилган бўлиб, 24 гектар сунъий майдонда ярим интенсив, Хитой ва Европа технологияларига асосланган ҳолда балиқнинг карп, оқ дўнгпешона, оқ амур ва тиляпия турларини етиштириш йўлга қўйилган.
Айни дамда балиқчилик хўжалигида 18 та доимий иш ўрни яратилган. 2020 йилда хўжаликда балиқ етиштириш 160 тоннани ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсатгич 200 тоннага етиши кутилмоқда.
Журналист ва блогерларга Хитой ва Европа тажрибаси асосида балиқ етиштиришнинг афзалликлари, балиқ боқишнинг инновацион усуллари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Мазкур туманда жойлашган “Surxon fish agro prom co” MЧЖ фаолияти ҳам пресс-тур иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. 2017 йилда ташкил топган балиқчилик хўжалигида 27 гектар сунъий ҳавзалар мавжуд бўлиб, 8 гектар сунъий кўллар ҳамда 0,125 гектар суперинтенсив технологияси асосидаги сунъий сув ҳавзасида сазан, оқ амур, оқ дўнгпешона ҳамда лаққа балиқлари парваришланмоқда.
Хўжалик томонидан 2020 йилда 20 тонна, жорий йилнинг 9 ойи давомида 52 тонна балиқ етиштирилди. Келгусида балиқ етиштириш ҳажмини 500 тоннага етказиш, савдо шахобчалари ва қайта ишлаш цехларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Мазкур хўжалик томонидан 6 гектар ҳудудда экотуризм майдони ташкил этилган бўлиб, унинг сиғими 250 кишидан иборат. 20 та иш ўрни яратилган. Хўжаликнинг ўзида етиштирилган 4 хил турдаги балиқдан кабоб, чихохбили, шўрва, қовурилган ва димланган таомлар тайёрланади. Экотуризм маскани сиғимини келгусида 400 кишига етказиш режалаштирилган.
Пресс-тур давомида вилоятда аҳолига парҳезбоп ҳамда витаминларга бой маҳсулотлар етказиб бериш, балиқ таомларини тайёрлашга ихтисослаштирилган ошхоналар ҳамда махсус балиқ бозорларини ташкил этиш сингари вазифаларни ўз ичига олган лойиҳалар ҳақида маълумотлар берилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz