Пресс-турнинг навбатдаги манзили энг чекка ва олис Боботоғ ҳудуди бўлди

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда «Hududgaz Surxondaryo» газ таъминоти филиали ҳамкорлигида Узун туманининг Боботоғ массивига навбатдаги пресс-тур уюштирилди.

Тадбирда журналист ва блогерлар Президент қарори асосида Боботоғ ҳудудини комплекс ривожлантириш, энг чекка ва олис қишлоқлар аҳолисининг ҳаёт даражасини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.

Туман марказидан қарийб 90, вилоят марказидан эса 265 километр узоқликда, улкан пурвиқор тоғлар ортида жойлашган, қўшни Тожикистон билан чегарадош Боботоғ қишлоғида 16 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 февралда қабул қилинган “2021-2023 йилларда Сурхондарё вилояти Узун тумани Боботоғ ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юртимизнинг чекка бу массивини тубдан ривожлантириш, аҳолининг муносиб турмуш кечириши учун зарур қулайликлар яратишни кўзда тутади.

Пресс-тур давомида иштирокчилар “Боботоғ” маҳалласида замонавий усулда сендвич панелларидан қурилиб, фойдаланишга топширилган 120 ўринли мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан танишдилар. “Янги обод” маҳалласида яқин кунларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган 120 ўринли мактабгача таълим ташкилоти биноси қурилишини кўздан кечирдилар. Келгусида “Толтўғай”, “Оқмачит” маҳаллаларида ҳам 150 ўринли иккита замонавий мактабгача таълим ташкилоти бинолари қурилиши ҳақида маълумот берилди.

Боботоғ ҳудудида 9 та умумтаълим мактаби мавжуд бўлиб, 4 та муассасанинг ҳар бирига 210 ўринли, 1 тасида 320 ўринли қўшимча ўқув бинолари, 2 тасида спорт заллари қурилди.

36-умумтаълим мактабининг янгидан  бунёд этилган 3 қаватли, 320 ўринли қўшимча ўқув биноси, бу ерда ташкил этилган 855-сайлов участкаси  фаолияти ҳамда 46-сонли мактабнинг янги қурилган спорт зали, ҳудудда ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари учун қад ростлаётган 3 та 72 хонадонли замонавий хизмат уйлари қурилиши пресс-тур қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Журналист ва блогерлар “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиалининг янги барпо этилган Боботоғ газ тўлдириш шахобчаси,  аҳоли хонадонларига суюлтирилган газ балонларини етказиб бериш учун янги ажратилган ИСУЗУ русумли махсус автотранспорт воситаси фаолияти, шунингдек, “Анора-Билолиддин” хусусий корхонаси фаолияти мисолида ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларининг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб- қувватлаш ишлари билан ҳам яқиндан танишдилар.

Пресс-тур давомида Узун тумани ҳокимининг Боботоғ ҳудудини комплекс ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Алишер Норқобилов ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва янги иш ўринларини яратиш, боғ ва узумзорларни ташкил ташкил этиш, электр энергия таъминотини яхшилаш, тиббий ва алоқа хизматлари сифатини ошириш ва бошқа йўналишларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.

 

 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.