Тўра Боболов воҳа марказидан 230 километр олисдаги маҳалла аҳли билан учрашди
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Бойсун туманида бўлиб, дастлаб анъанавий «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтадиган Паданг қишлоғи кенгликларида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган кўчат экиш тадбирини бошлаб берди.
Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиеёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида туман марказлари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида экологик вазият ҳамда теварак-атроф мусаффолигини яхшилаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш юзасидан вазифалар белгилаб берилган эди. Шунга мувофиқ Сурхондарё вилоятида ҳам ҳудудларни кўкаламзорлаштириб, кўчат экиш уюшқоқлик билан бошланди.
Мазкур лойиҳага кўра, вилоят бўйича куз фаслида 6 миллион 500, баҳор мавсумида 10 миллиондан ортиқ кўчат экиш мўлжалланмоқда. Шундан 1 миллион 634 минг донаси тоғли Бойсун туманида қадалади. Пурвиқор тоғлар қўйнидаги Паданг кенгликларига вилоят раҳбари бошчилигида мингга яқин нина баргли дарахт кўчатлари экилди.
Шу куни вилоят ҳокими тоғли туман марказидан 80 километр олисдаги Хўжаидод маҳалласида қайта реконструкция қилинган 50 қатновга мўлжалланган Қўрғонча қишлоқ шифокорлик пунктини фойдаланишга топшириш маросимида иштирок этди.
Тоғли олис ҳудуддаги бирламчи тиббиёт муассасасини тубдан янгилаб, замонавий шароитларни яратиш учун 2 миллиард 140 миллион сўм маблағ сарфланди. Бу ерда 30 нафар олий, ўрта, кичик тиббий, ишчи ходимлар Дуоба, Хўжаидод, Деҳиболо ва Ўрмончи маҳаллаларида яшайдиган 6 минг 167 нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Тоғлар қўйнида истиқомат қилаётган ёшу-кекса учун қишлоқ шифококрлик пунктида барча қулайлик яратилган.
Вилоят ҳокими ҳудудда «Обод қишлоқ» дастури асосида реконструкция қилинган 18-мактабда ўқитувчи ва ўқувчиларга яратилган шароитлар билан ҳам танишди. Бу ерда ўқувчилар билан дилдан суҳбатлашиб, уларнинг фикрларини тинглади. Мактаб фондига бадиий–сиёсий ва бошқа турдаги китоблар жамланмаси совға қилинди.
Хўжаидод маҳалласи шу йил «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида қиёфасини тубдан ўзгартириб, аҳоли учун қатор қулайликлар яратилди. Жумладан,14 километр ички йўлга шағал ётқизилиб ижтимоий соҳа объектларига оптик толали алоқа тармоқлари тортилди. 18–, 44 – мактаблар реконструкция қилиниб, 44– мактаб филиали янгидан қурилди. 2 дона янги трансформатор ўрнатилиб, 6 чақиримдан ортиқ электр симлари янгиланди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун 15,5 километр масофага сув қувури ётқизилди.
Ҳудуднинг ўзида вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг фуқаролар учун сайёр қабули ташкил этилди. Унда вилоят секторлар, алоқадор бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Юзма-юз мулоқотда Дуоба, Хўжаидод, Деҳиболо ва Ўрмончи маҳаллалари вакиллари вилоят ҳокимига ичимлик суви, йўл ва кўприк қуриш, олий таълим муаассасаларининг тиббиёт йўналишида таҳсил олиш учун маҳалла ёшларига квота ажратиш каби масалаларни ўртага ташлади. Мурожаларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Муддат талаб этадиган масалалар юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқ берилиб, ижроси қатьий назоратга олинди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz