Дўстона ва кўтаринки руҳда ўтган “Ҳамкорлик – 2021” қўшма ўқуви

Етти кун давомида икки давлат ҳарбий хизматчилари “Ҳамкорлик – 2021” қўшма ўқувнинг асосий фазасига пухта тайёргарлик кўрди. Меҳмонлар “Термиз” полигони имкониятларидан фойдаланиш билан бир қаторда турли маданий дам олиш дастурларидан баҳраманд бўлишди. Улар учун тадбир ташкилотчилари томонидан Термиз шаҳрининг тарихий обидаларини намойиш этувчи масканларга экскурсия уюштирилди.

“Термиз” полигони ўқув-тактик майдонидаги жанговар ҳаракатларни кузатиш учун Сурхондарё вилоятига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ҳамда Қозоғистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Мурат Бектановларни вилоят ҳокими Тўра Боболов ва бошқа расмийлар Термиз халқаро аэропортида кутиб олди.

Меҳмонлар “Термиз” полигони махсус ўқув нуқталарида ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган кўргазмали чиқишларни кузатишдан бошланди. 45 та тўсиқлардан иборат мажмуамий маҳсус-тактик машқлар йўлаги, отлиқ марафон каби 50 га яқин ўқув нуқталарида моҳирлик билан ҳаракат қилаётган ўзбекнинг Алпомишдек ўғлонларни барча катта қизиқиш билан кузатди.

Шундан сўнг “Ҳамкорлик – 2021” қўшма ўқуви ўқув-тактик майдонида давом этди. Дастурга кўра ҳамкорликда ҳаракат қилган кучлар чегара ҳудудини бузиб киришга уринган ноқонуний қуролли гуруҳга қарши жанг олиб бориш жараёни ташкиллаштирилиб, унда элликдан ортиқ ҳарбий техникалар ва уч юзга яқин ҳарбий хизматчилар иштирок этди. Шартли душман тўдаларини йўқ қилишда қирувчи самолётлар, жанговар вертолётлар, зирҳли техникалар, артиллерия, мотоўқчи бўлинмалар, учувчисиз учиш аппаратларидан кенг кўламда фойдаланилди. Ўқув дастурига кўра чегара ҳудудини бузиб киришга уринган ноқонуний қуролланган жангари тўдаларга қарши жанг олиб бориш жараёни ташкиллаштирилиб, томонлар кенг кўламли тактик- ҳаракатларни амалга оширди. Аниқликда қилинган ҳаракатлар натижасида шартли душман тезда яксон қилинди.

 “Ҳамкорлик – 2021” қўшма ўқуви муваффақиятли якунланиб унда иштирок этган икки давлат ҳарбий хизматчилари тадбирнинг тантанали ёпилиш маросими учун сафланди. Унда сўзга чиққан ҳар икки давлат вакиллари  ўқувнинг аҳамияти, ва икки давлат ҳарбий хизматчиларининг ўзаро тажриба алмашинишида бундай ўқувларнинг ўрни муҳим эканлигини таькидлади. Шунингдек, қўшма ўқувда фаол иштирокчилари ҳар икки давлатнинг Мудофаа вазирларининг буйруғига кўра фаҳрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Бундай қўшма ўқувлар ҳарбий ҳамкорлик соҳасини ривожлантириш ва жанговар биродарликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.