Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Денов туманидаги "Инденим" савдо мажмуасида юз берган чақнаш оқибатларини ўрганаётган Ҳукумат комиссияси аьзолари иштирокида матбуот анжумани ўтказди.
Марказий ва маҳаллий ОАВлар вакиллари, блогерлар иштирок этган анжуманда вилоят ҳокими Т.Боболов ҳодиса юзасидан ИИВ, ФВВ, Миллий Гвардия, Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идоралар вакилларидан иборат Ҳукумат комиссияси ўрганиш олиб бораётгани, атрофга етказган зарари ҳақида атрофлича маълумот берди.
– Икки қаватли “Инденим” савдо мажмуасида юз берган чақнаш оқибатида бинонинг деворлари қулаб тушган, – деди вилоят раҳбари.– Шунингдек, 65 тадбиркорлик субьекти биноси ва хонадонга енгил зарар етган. Деразалар ойналари синган. Олтита хонадон деворларида ёриқлар пайдо бўлган. Лекин ижтимоий тармоқларда Мустақиллик ва Шароф Рашидов кўчаларини кенгайтириб, ободонлаштириш учун бузилаётган уй-жойлар сурати жойлаштирилиб, мазкур ҳодисага боғланган изоҳларни ҳам кўраяпмиз. Бу ҳақиқатга зид бўлиб, биргина Шароф Рашидов номли кўчада бузилишга тушган иморатлар учун 27,5 миллиард сўм маблағ тўлаб берилган. Айни пайтда бу фуқаролар мулкларини ўзлари бузиб олмоқда. Бундай нохолис маълумотларни ижтимоий тармоққа жойлаштириб, халқни чалғитмаслик керак. Зарар кўрганларнинг вақтинча яшаши учун 24 та хонадон ҳозирланди. Хонадони таьмирлангунча кўчиши лозим, деб топилган етти оила кўчирилди. Уларнинг яшаши учун ижара ҳақини туман ҳокимлиги тўлаб беради.
Матбуот анжуманида Ҳукумат комиссияси таркибида фаолият юритаётган соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари А.Иноятов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Ў.Музаффаров, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Д.Масалиевлар ҳам Ҳукумат комиссияси аьзолари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.
Таькидландики, 7 декабрь куни соат 03:57 да Денов шаҳрининг Мустақиллик кўчасида жойлашган икки қаватли “Инденим” савдо мажмуаси биносида юз берган чақнаш оқибатида бинонинг деворлари қулаб тушган. 2 киши нобуд бўлиб, 9 киши жароҳатланган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги туман ёнғин хавфсизлиги бўлимига ҳодиса ҳақида хабар келиб тушгач, воқеа жойига уч дақиқада ёнғин экипажи, тўрт дақиқада тез тиббий ёрдам хизмати машинаси етиб келган. Ёнғин соат 04:25 да ўчирилган. Ҳодиса овибатида 2 киши вафот этиб, 9 киши жароҳатланган. Жароҳатланганларга зудлик билан тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Ички ва ташқи жароҳатлар билан шифохонага олиб келинган оғир аҳволдаги икки нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозир уларнинг аҳволи ўрта оғирликда. Қолганларининг аҳволи яхши. Умумий бўлимга ўтказилиб, муолажа давом эттирилмоқда. Қариндошлари билан суҳбатлашмоқда.
Ҳолат юзасидан тегишли моддалар билан жиноят иши қўзғатилган. Тажрибали экспертлар гуруҳи иш олиб бормоқда. Дастлабки суриштирув-ўрганишларга кўра, бинодаги газ қурилмалари узоқ муддат ишлаб, ўта қизигани оқибатида кучли чақнаш юзага келган бўлиши мумкин. Ишчи гуруҳ ишламоқда. Сабаблари ўрганилаётир. Бинонинг теварак-атрофини тозалаш ва тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.
Ҳукумат комиссияси ўрганишлари ва тергов суриштирув ишлари натижаси ҳақида қўшимча маьлумот берилади.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz