Сурхондарё вилояти қишлоқ хўжалиги ходимларига

Қадрли деҳқон ва фермерлар! Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳалол меҳнат қилаётган қадрли юртдошлар!

Аввало, барчангизни, бугунги Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами билан самимий муборакбод этаман.

Хурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг эътибори ва ташаббуслари билан беш йилдан буён ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбасини Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида кенг нишонлаб келаяпмиз.

Бу тўкин ҳаёт ва фаровон турмушимиз бунёдкорлари бўлган Сиз азизларга давлат даражасида кўрсатилаётган юксак эьтибор намунсидир.

Шу ўринда айтиш керакки, вилоятимизнинг деҳқон ва фермерлари об-ҳаво инжиқ келаётган мураккаб шароитда ҳам билим ва тажрибаси, илм-фан ютуқларини йўлга қўйиб, мўл ҳосил етиштиришга муваффақ бўлмоқда.

Бунинг учун эрта баҳорда ерга уруғ қадаб, ризқ йўлини очадиган, хонадонларимиздаги тўкинлик ва файзу-барака сабабчиси бўлган Сиздек фидойи миришкорларга ҳар қанча раҳмат айтсак арзийди.

Ҳурматли деҳқон ва фермерлар!
Қадрли агрокластер эгалари!

Давлатимиз раҳбари томонидан соҳага кенг имкониятлар яратилиб, қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари меҳнатига муносабат тубдан ўзгарди. Эркин фаолият юритиши кафолатланиб, ҳуқуқлари янада мустаҳкамланди. Шунга мос равишда Сизлар пандемия балоси жиддий ҳавотир ўйғотиб турган жорий йилда ҳам қишлоқ хўжалик мавсумининг ниҳоятда инжиқ ва ноқулай келишига қарамай, мўл ҳосил олиш йўлида жасорат ва фидоийлик кўрсатдингиз.

Жумладан, жорий йил вилоятимизда 610 минг тонна ғалла, 253 минг тонна пахта, 1715 тонна пилла, 1 млн. 600 минг тонна мева-сабзавот, 200 минг тонна гўшт ва 580 минг тонна сут маҳсулотлари ҳамда 530 млн. дона тухум етиштирилди.

Бу йил йиғиб олинган пахта хом ашёсини ўтган йилга солиштирганимизда, етиштирилган пахта 52 минг тоннага, ўртача ҳосилдорлик 7,5 центнерга ошганини кўришимиз мумкин.

Вилоятимизда мавжуд 1500 гектар майдондаги иссиқхона қишин-ёзин табиий ва сервитамин маҳсулот етиштиришга хизмат қилмоқда. Ана шу иссиқхонанинг 350 гектари шу йилнинг ўтган даврида барпо этилди.

Томарқаларимиз ҳам дастурхонларимиз тўкинлиги ва аҳоли маьмурчилиги манбаига айланмоқда. Хусусан, бу йилгидек мураккаб шароитда ҳам халқимиз томарқасидан 950 минг тонна мева, сабзавот, полиз ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари йиғиштириб олинди. Содда қилиб айтганда мўжазгина томорқа воҳадошларимизнинг қўшимча даромад манбаига айланди.

Албатта, юқоридаги натижаларни қўлга киритишда Президентимиз ташаббуси билан кластер тизими йўлга қўйилиб, имтиёз ва переференциялар берилаётгани, ер билан тиллашиб ишлайдиган миришкорларимизнинг деҳқончиликка муносабати тубдан ўзгаргани, меҳнатига яраша ҳақ олаётгани, соҳага замонавий илғор технологиялар жорий этилаётгани, қишлоқ хўжалиги техникалари янгиланаётгани муҳим омил бўлмоқда.

Бундан ташқари жорий йилда жами 28 минг гектар майдонда сув тежовчи суғориш технологиялари жорий этилиб, пахта майдонларининг 8 минг гектарида, боғ ва токзорларнинг 4,7 минг гектарида ва бошқа экинларнинг 700 гектарида томчилатиб суғориш,

300 гектарда ёмғирлатиб суғориш ҳамда 14,3 минг гектар майдонда лазерли текислагичлар ёрдамида текислаш ишлари амалга оширилди.

Вилоятимизда ирригация ва мелиорация тадбирларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Якунланаётган йилда ирригация тармоқлари ва мелиоратив объектларни таъмирлаш-тиклаш, реконструкция қилиш ва янгидан қуриш тадбирлари амалга оширилиб, жами 30 минг гектар майдонда сув таъминоти, 25,0 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди, 14,5 минг гектар майдон қайта фойдаланишга киритилди.

Албатта амалга оширилаётган мазкур ишлар вилоятимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, халқимиз дастурхонини тўкин қилишдек олижаноб мақсадга қаратилгани қувонарлидир.

Азиз воҳадошлар!

Вилоятимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида ўз тажрибаси, салоҳиятига эга ҳудудлардан бири ҳисобланади. Миришкорликда бой тажрибага эга мамлакатимизга танилган фермерларимиз, деҳқонларимиз бор.

Хусусан, Исахон Бахромов, Ахмад Нарзуллаев ва Иброҳим Файзуллаев сингари Ўзбекистон Қаҳрамонлари вилоятимиздан етишиб чиққан.

Шунингдек, Чори Чўтпўлатов, Тожимурод Мамараимов, Нормўмин Чориев, Бойниёз Жўраев, Марзия Исмоилова, Чори Амиров, Шамсиддин Орипов ва Абдумурод Лапасов каби катта салоҳият ва билимга эга инсонларнинг тажриба ва маслаҳати бугун вилоятимиз қишлоқ хўжалиги ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Дунёнинг айрим давлатларида аҳолини сифатли, табиий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таьминлаш глабал масалага айланаётган бир пайтда мамлакатимизда тўкин турмуш таьминланаётгани ҳам ана шундай фидойи юртдошларимиз меҳнатлари натижасидир.

Юқорида айтганимдек, жаҳонда табиий озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги кузатилаётган бир пайтда воҳамизда ички бозордан ортган маҳсулотларни хорижга экспорт қилаётганимиз Янги Ўзбекистонда Сизларнинг янгича ғоя, усул ва илғор тажрибаларни қўллаб, туну-кун қилаётган ҳалол меҳнатларингиз маҳсулидир.

Ҳурматли деҳқон ва фермерлар!

Сизларни яна бир бор “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” ва “Ҳосил байрами” билан чин қалбимдан самимий табриклайман.Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу-барака, фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман. Байрамингиз муборак бўлсин.


Тўра Боболов,
Сурхондарё вилояти ҳокими

https://t.me/axborot_xizmati

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.