Сурхондарёда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни кенг нишонланди
Аграр соҳа заҳматкашлари касб байрами муносабати билан вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган тантанали маросимда секторлар раҳбарлари, илғор фермер ва деҳқонлар, механизаторлар, сувчилар, тажрибали томорқа ер эгалари, соҳага хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва қайта ишлаш корхоналари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Тўра Боболов, Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси ўринбосари Сайдулла Тожиевлар қишлоқ хўжалиги ходимларини касб байрамлари билан самимий табриклаб, коронавирус пандемияси дунёда давом этган ва деҳқончилик учун мураккаб келган жорий йилда ҳам фермер ва деҳқонлар фидокорона меҳнат қилганини алоҳида эьтироф этди. Барча синовларни мардановар енгиб, мўл ҳосил етиштиргани ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшгани таькидланди.
Дарҳақиқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда об-ҳаво инжиқликларига дуч келган бу йилги шароитда фермер, деҳқон ва томарқа ер эгалари эришган ютуқлар сўнгги йилларда соҳага қаратилаётган эътибор, илм-фан ютуқлари, инновацион технологиялар жорий этилаётгани, уларнинг бой билими, тажрибаси ва омилкорлик билан иш юритгани самарасидир.
Эндиликда паррандачилик, чорвачилик, шоличилик кластерларини жорий этиш юзасидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Замонавий иссиқхоналар халқимизни қишин-ёзин сархил озиқ-овқат маҳсулотлари билан таьминлашга, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Айни пайтда воҳада 1 минг 500 гектар майдонда иссиқхона барпо этилган бўлиб, унинг 350 гектари шу йилнинг ўтган даврида ишга туширилди.
Томарқа хўжалиги ҳам оилаларнинг қўшимча даромад ва тўкинлик манбаига айланди. Бу йилгидек мураккаб шароитда ҳам халқимиз томарқасидан 950 минг тонна мева-сабзавот, полиз ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари йиғиштириб олинди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда бой тажрибага эга вилоятда парваришланаётган экологик тоза, эртапишар ва сервитамин маҳсулотларга дунё бозорида талаб ортиб бормоқда. Шунга мувофиқ ички бозордан ортган маҳсулотлар жаҳоннинг қатор давлатига экспорт қилинаётир.
Воҳада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш натижадорлигини янада ошириш учун соҳага замонавий илғор технологиялар жорий этилиб, ўрим, ҳайдов, чопиқ ва бошқа техникалар янгиланмоқда. Илғор технологиялар жорий этилмоқда. Жумладан, якунланаётган йилда 28,3 минг гектар майдонда сув тежовчи суғориш технологиялари ўрнатилиб, пахта майдонларининг 8 минг гектарида, боғ ва токзорларнинг 4,7 минг гектарида, сабзавот ва бошқа экинларнинг 700 гектарида томчилатиб суғориш, 300 гектарда ёмғирлатиб суғориш йўлга қўйилди. 14,3 минг гектар майдонда лазерли текислагичлар ёрдамида текислаш юмушлари амалга оширилди.
Ирригация тармоқлари ва мелиоратив объектларни таъмирлаш-тиклаш, реконструкция қилиш ва янгидан қуришга ҳам эьтибор кучайтирилмоқда. Шу йилнинг ўзида 30 минг гектар майдонда сув таъминоти, 25 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. 14,5 гектар майдон қайта фойдаланишга киритилди.
Тадбирда бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги соҳаси, хизмат кўрсатувчи, таъминотчи, қайта ишлаш тармоқлари ходимлари самарали меҳнати, эришган ютуқлари, соҳанинг ривожига қўшган муносиб ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликларининг “Қишлоқ хўжалиги фидойиси”, “Сув хўжалиги аълочиси” каби кўкрак нишонлари ҳамда вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари, қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Маьмурчилигимиз бунёдкорлари байрами муносабати билан Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида ҳам бир гуруҳ соҳа ходимларининг фидокорона меҳнати муносиб рағбатлантирилди.
Тантанали тадбир Термиз шаҳридаги "Азизбек" ресторанида санъаткорларнинг тўкин ва файзли дастурхон атрофида намойиш этган қизиқарли концерт дастури билан якунланди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz