Божхоначилар – мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлиги посбонлари
Божхона мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминловчи муҳим соҳалардан биридир. Айнан божхона ходимларининг фидойи ва жонкуяр меҳнати туфайли юртимизнинг импорт-экспорт сиёсати амалга оширилади, олиб кирилаётган товарлар хавфсизлиги назорат қилинади, мамлакат бюджетига ҳалол маблағ тушуми ва давлатимизнинг халқаро обрўси юксаклиги таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари касб байрами муносабати билан Сурхондарё вилояти божхона бошқармасида бўлиб ўтган тадбирда тизимда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси, соҳа ходимларининг шарафли ва масъулиятли меҳнати эътироф этилди.
Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан сўнгги йилларда божхона соҳасига қаратилаётган улкан эътибор, соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида тизимда тараққиётнинг янги бир даври бошланди.
Жумладан, вилоятимиздаги “Айритом” чегара божхона пости замонавий ва электронлаштирилган пост сифатида барпо этилиб, божхона назоратининг янги техника воситалари билан таъминланди.
Мамлакатимизнинг жанубдаги дарвозаси ҳисобланадиган “Айритом” чегара божхона пости орқали 2020 йилда 40 мингдан ортиқ юк ва автотранспорт воситалари ҳаракатланган. Бу кунига ўртача 110 та автотранспорт воситаси божхона назорати ва кўригидан ўтказилди, дегани.
Бу ерда 1 та юк автотранспорт воситасининг божхона назорати ва расмийлаштирувдан ўтиши учун сарфланадиган вақт ўртача 10 дақиқага, енгил автотранспорт воситаси учун эса 6 дақиқага тенг бўлмоқда. Чегара ҳамда божхона назоратидан ўтказилаётган фуқаролар ва Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳлар яратилган ушбу шарт-шароитлардан мамнун эканликларини билдиришмоқда.
Ўтган йил мобайнида ушбу постда юк поезди вагонлари орқали олиб чиқилган 1 млн. тоннадан ортиқ, автотранспорт воситалари орқали ташилган 81 минг тоннадан ортиқ товарлар экспорт божхона режимига расмийлаштирилган.
2020 йил давомида вилоят божхоначилари томонидан аниқланган 839 та божхона қоидабузарликлари натижасида 25 млрд. сўмлик товар-моддий бойликлари ноқонуний олиб ўтилишининг олди олинди. Шунингдек, “Сариосиё” темир йўл чегара божхона пости томонидан 172 кг. дан ортиқ гиёҳванд моддалари тўхтатиб қолинди.
Шу билан бирга, давлат бюджетига 161,7 млрд. сўм божхона тўловлари ундирилди.
Соҳа ходимларинининг ижтимоий ҳимояси, уларни уй-жой билан таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, 2020 йилда Шарғун шаҳарчасида барча шароитларга эга 32 та хонадондан иборат хизмат уйи барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Тадбирда ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндошиб, юксак натижаларга эришган бир гуруҳ божхона ходимларига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдадик совғалари топширилди. Унда сўзга чиққан божхоначилар соҳага кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган шарт-шароитлар учун ўз миннатдорчиликларини билдиришди, бир тану бир жон бўлиб хизмат қилишга сўз беришди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иштирок этди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz
363 изоҳ