Термизда Германия консалтинг компанияси томонидан тиббиёт ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш маркази ташкил этилади

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Германиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тило Клиннер бошчилигидаги БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг Тошкентдаги ваколатхонаси бош маслаҳатчиси Френк Ремус, Германия Тараққиёт банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Андреас Шнайдер, Германиянинг "Ландесбанк" банкининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Азиз Иномхўжаев ҳамда германиялик қатор компаниялар вакилларидан иборат делегация билан учрашди.

Делегация аьзолари вилоятда ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш, таълим ва тиббиёт соҳаларида алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиб, хорижий инвестиция ва технологиялар иштирокидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш йўналишларини ўрганиш мақсадида воҳага ташриф буюрди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳамда Германиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тило Клиннер ўртасида дўстона ва ўзаро ишонч руҳида ўтган мулоқот давомида икки томонлама ўзаро алоқаларни юқори босқичга кўтариш, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, таълим, тиббиёт ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Жумладан, Термиз шаҳрида тиббиёт ходимлари учун ўқув курслари ва симуляцион марказини ташкил этиш, унда Ўзбекистон ва қўшни давлатлар, хусусан, Афғонистон фуқароларининг тиббий таълим олиши ва малакаси оширишини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.

Кейинги йилларда Сурхондарё вилояти билан германиялик ишбилармонлар доирасининг ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда. Ўтган йили Сурхондарё вилоятида Германия давлати билан ҳамкорликда ташкил этилган 4 та хорижий ва қўшма корхоналар томонидан 4,5 млн доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинди. Ташқи савдо айланмаси 6 млн долларни ташкил этди. Шу жумладан, Германияга 2021 йилда 484,5 минг доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинган бўлса, вилоятимизга 5 млн 646 минг долларлик маҳсулот импорт қилинган.

Германияга асосан мева-сабзавотлар, калава ип, хизматлар, асбоб-ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари экспорти амалга оширилган бўлса, бизга саноатнинг турли йўналишлари учун замонавий технологик жиҳозлар, қора мол ва уруғликлар олиб келинган.

Жорий йил 21 январга қадар давом этадиган ташрифнинг биринчи кунида делегация аьзолари Ўзбекистон-Афғонистон чегараси, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таьлим марказида бўлди. “Термиз Нейшнл Карпетс” МЧЖ томонидан гилам ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси доирасида қурилиш ишлари жараёни билан танишди. 

Ташрифнинг иккинчи ва учинчи кунлари Термиз шаҳри ва Термиз туманида жойлашган тарихий, маданий ва ижтимоий объектларда, шунингдек, “Termiz Cargo Center” халқаро логистика терминали ва “Термиз” халқаро аэропорти фаолияти билан танишиш режалаштирилган. 

Таъкидлаш жоизки, Германия Ҳукумати томонидан Термиз аэропортидаги хавфсизлик видеокузатуви ва ёритиш тизимини ўрнатиш лойиҳаси молиялаштирилган бўлиб, делегация мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши жараёнларини ҳам кўздан кечиради. 

Шунингдек, Германия Тараққиёт банки (KfW) иштирокида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази модернизация қилинади. 

https://t.me/axborot_xizmatihttps://t.me/axborot_xizmati

 

 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.