“Маҳаллабай” ишлаш тизимини самарали ташкил этиш бўйича навбатдаги семинар Узун туманида ташкил этилди
Вилоятдаги иқтисодий-ижтимоий аҳволи нисбатан оғир ҳудудлар сифатида танлаб олинган маҳаллаларда ҳудудни ободонлаштириш, йўлларни таъмирлаш, аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ва даромадларини ошириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Бу ишларни жойларда самарали йўлга қўйиш, шу мақсадда ўзаро тажриба алмашиш, кўникма ҳосил қилиш учун маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, туман секторлари, алоқадор бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида Узун туманининг “Уланқул” маҳалласида амалий семинар ташкил этилди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳам иштирок этди.
Семинарда иштирокчилар туман маҳаллаларидаги ҳоким ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчиларининг ҳудудларни ривожлантириш, ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича режалари ва бугунга қадар амалга оширилган ишлари билан яқиндан тинишдилар. Вилоят ҳокими режадаги ишларни самарали ташкил этиш бўйича ўз тавсия ва кўрсатмаларини берди.
Ёшлар билан бўлган суҳбат чоғида Тўра Боболов улар томонидан билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлаб, ҳар йили баҳорда “Боботоғ баҳори” очиқ фольклор фестивалини ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди. Туман фольклор – этнографик ансамбли учун автобус ажратиладиган, турли кўрик-танловларнинг туман босқичидан аввал маҳалла босқичини жорий этиладиган бўлди.
Семинар давомида туманда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари кўргазмаси, бандликни таъминлаш учун меҳнат ярмаркаси ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида тиббий кўрик ҳам ташкил этилди.
Малакали шифокорлар томонидан ўтказилган тиббий кўрикда 40 ёшдан ошган, "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ҳамда "Темир дафтар"га киритилган 125 нафар фуқаролардан, 52 нафарида касаллик аниқланди. Уларнинг 42 нафари амбулатор шароитда, 10 нафари стационар шароитда даволанишга юборилди.
Шунингдек, “Уланқул” маҳалласида 10 км ички йўлларни таъмирлаш белгиланган бўлиб, қарийб бир ҳафтадан буён олиб борилаётган амалий ишлар натижасида ушбу йўлларнинг 9 километрида тош-шағал ётқизиш ишлари якунланди. Тупроқ йўлларга тош-шағал ётқизиш, эскирган ёғоч устунларни темир-бетон устунларга алмаштириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари давом этмоқда. Бунинг учун ўнлаб махсус техникалар ва юзлаб ҳашарчилар жалб этилган.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz