Сурхондарё вилоятида россиялик сармоядорлар 536 миллион долларлик 4 та йирик лойиҳани амалга оширади

Мамлакатимизнинг жанубдаги дарвозаси – Сурхондарё вилоятида Россия ишбилармонлари иштирокида 44 та хорижий ва қўшма корхона фаолият юритаётгани ёки сўнгги беш йилда Россия давлати ишбилармонлари иштирокида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилиб, 100 миллион доллардан зиёд тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилгани бунга яққол далилдир.  

Масалан, Ангор туманида Россиянинг «Брейн Инвест» компанияси «Тановар Сурхон» масъулияти чекланган жамияти негизида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда сақлаш лойиҳасини амалга ошириб, 5 миллион долларга тенг инвестиция жалб этилди. 25 иш ўрни яратилган мазкур корхона янги йилнинг илк ойидаёқ 120 минг долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилди. Узун туманидаги "Kapital Golden" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хусусий корхонада россиялик инвесторлар барпо этган замонавий пишиқ ғишт ишлаб чиқариш лойиҳасига 2 миллион доллар сармоя киритилиб, ўн кишининг бандлиги таъминланди. Шунингдек, туманда амалга оширилаётган йирик ҳажмдаги бунёдкорлик иншоотларини сифатли ва арзон қурилиш материали билан таъминлаш самарадорлиги ошди.  
Россиялик биродарлар билан йўлга қўйилган бундай ҳамкорлик алоқалари ҳақида яна кўп гапириш мумкин. Буларнинг барчаси кейинги йилларда яқин қўшни мамлакатлар ва жаҳоннинг етакчи давлатлари билан кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан олиб борилган мулоқотларнинг амалдаги ифодасидир.  

Президентимизнинг жорий йил 28 январдаги «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларимиз кўламини янада кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Шунга мувофиқ 2022-2026 йилларда россиялик ҳамкорлар билан ҳам бир қатор истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқаришни режалаштириб олдик. Хусусан, 2022-2026 йилларда россиялик сармоядорлар қиймати 536 миллион долларга тенг 4 та йирик лойиҳани амалга ошириб, 490 миллион доллардан зиёд тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритади. Мисол учун, қишлоқ хўжалиги соҳасида Қизириқ туманида йиллик қуввати 65,7 минг тонна йирик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга мўлжалланган иссиқхона комплекси барпо этилиб, 2021-2024 йилларда лойиҳага 340 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилади. Саноат соҳасида Жарқўрғон туманида умумий қиймати 3,5 млн. долларга тенг бўлган "Green Sulfcrete" ҚК МЧЖ томонидан серабетон ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси 2022 йилда амалга оширилиши натижасида 50 янги иш ўрни яратилади.  

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз вилоятларининг дунё етакчи давлатлари билан ҳамкорлик алоқаларини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишнинг аниқ мақсадга йўналтирилган истиқболли йўлларини белгилаб берган эди. Шу асосда биз Россия Федерациясининг қатор вилоятлари билан тизимли ишларни олиб боряпмиз. Хусусан, Новосибирск, Красноярск, Иркутск ҳудудлари йилдан-йилга энг яқин ҳамкоримизга айланиб бормоқда. Бу борада амалга ошираётган ишлар вилоятимиз ва Россиянинг бир қатор минтақалари ўртасида ҳудудлараро ижтимоий-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича келишилган лойиҳаларда ҳам ўз аксини топаётир. Мавриди келганда шуни ҳам айтиш лозимки, Россияда азалдан вилоятимизда етиштирилган табиий ва сервитамин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига катта қизиқиш бор. Ўзаро ҳамкорлик алоқаларимиз жанубнинг қуёш нурига тўйинган сархил мева-сабзавотларини экспорт қилишга қулай имконият яратди. Россияга қилган ўтган йилги сафаримизда ҳам қиймати 71 миллион долларга тенг 25 та экспорт шартномасини имзоладик. 

Хуллас, ўтган йили вилоятнинг Россия Федерацияси билан жами товар айланмаси 48 миллион долларга тенг бўлди. 23,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилдик. Ёки 13,5 миллион долларлик мева-сабзавот, 10 миллион долларлик текстиль, озиқ-овқат, хўжалик моллари ва бошқа турдаги маҳсулотларни етказиб бердик. Шунингдек, 24,4 миллион долларлик қурилиш материаллари, эҳтиёт қисмлар, хўжалик моллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, тирик ҳайвонлар, асбоб-ускуналар, органик бирикмалар ва бошқа турдаги маҳсулотлар Россия Федерациясидан импорт қилинди. Ўтган йили воҳамиз делегацияси Новосибирск, Красноярск каби вилоятлари ва Москва шаҳрида бўлиб, тенг шерикликка асосланган бизнес лойиҳаларини амалга ошириш, ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ҳудудлараро савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янги босқичда жадал ривожлантиришга қаратилган учрашувлар ўтказди. Қатор манфаатли савдо ва инвестиция келишувларига эришилди. Қиймати 181 миллион долларга тенг 30 та келишув имзоланди. Уларнинг бештаси 110 минг долларга тенг инвестиция лойиҳаларидир. Келишувларнинг 2 таси қишлоқ хўжалиги, 1 та саноат ва 2 та хизмат кўрсатиш соҳасига оид лойиҳалардир. Йўлга қўйилган бу ҳамкорлик алоқаларимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларимизга ечим топишда ҳам қулай муҳит яратгани эътиборга моликдир. Жумладан, мазкур сафар чоғида биз Новосибирск шаҳридаги Мешалкин номли қон айланиш патологиялари илмий текшириш институти ва Красноярск ўлкасидаги «Юрак қон-томир маркази»да бўлиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишдик. Ўзаро тажриба алмашиш, шифокорлар малакасини ошириш ва бу клиникаларнинг тажрибаларини вилоятимизда жорий этиш бўйича келишувга эришдик. Шунга кўра, ўтган йилнинг ўзида Новосибирскдаги тиббиёт марказининг энг малакали шифокорлари вилоятимизга келиб, мутахассисларимиз билан 50 дан ортиқ беморда илк марта юрак қон-томир стендлаш, ўткир коронар синдромли беморларни стендлаш, юрак туғма парогини инвазив усулда жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказди. 

Бу масаланинг муҳим жиҳати шундаки, ўтган йилгача мазкур касалликларга чалинган беморларимиз асосан, Россия, Ҳиндистон ва бошқа хориж давлатларига бориб, катта маблағ эвазига кардиожарроҳлик йўли билан даволаниб келаётган эди. Эндиликда илгари мураккаб саналган ушбу амалиёт ўзимизда муваффақиятли бажарилмоқда. Агар бунинг моддий томонини ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, бир беморда ўртача 76 миллион сўмни тежаб қолиш имконияти яратилди. Шу ҳисобда ўзимизда жарроҳлик амалиётини ўтказган 50 дан ортиқ бемор оилавий бюджетининг 2 миллиард 600 миллион сўмдан зиёд маблағини иқтисод қилди. Бу Республика ихтисослаштирилган кардиология тиббий-амалий илмий маркази Сурхондарё филиали ва Новосибирск шаҳридаги Мешалкин номли қон айланиш патологиялари илмий текшириш институти ўртасида тузилган ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг амалий самарасидир.  

Россия Федерацияси вилоятлари билан ҳамкорликда бажараётган ишларимиз ҳам воҳани янада обод, фаровон ҳудудга айлантириб, одамларнинг турмуш даражасини юксалтиришда, халқимиз қадрини улуғлаб, инсон манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.  


Тўра БОБОЛОВ, 
Сурхондарё вилояти ҳокими, 
ЎзА

 

 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.