Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Таиландликлар Зурмала буддизм ёдгорлигини таъмирлайди

Ўтмишда барпо этилган ноёб иншоотлар умумжаҳон будда маданиятига қўшилган улкан ҳисса экани ҳақида фикр алмашилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи З.Намозов, вилоят ҳокимининг туризм ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Ж.Тўраев ва Таиланд давлати Накхонратчасима провинцияси Бош роҳиби Пракру Таворн Кижжарак, Таиланд буддистлар жамияти вакили, Марказий Осиё буддизм даври тарихини тадқиқот этувчи олим, Ўзбекистоннинг буддавийлик объектлари мавжуд Сурхондарё вилоятига турлар ташкил этишга масъул Пхансак Бунясопхонпхонг ўртасида “Туризм йўналишидаги муҳим буддавий маданий ёдгорликлар” мавзуига бағишланган видеоконференцалоқа шаклидаги учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Таиланддаги элчихонаси томонидан ташкил этилган тадбирда Сурхондарё вилояти қадимги Кушонлар салтанатига оид буддизм ёдгорликлари билан ҳам дунё сайёҳларида катта қизиқиш ўйғотаётгани таъкидланди. Ўтмишда барпо этилган ноёб иншоотлар умумжаҳон будда маданиятига қўшилган улкан ҳисса экани ҳақида фикр алмашилди.

Онлайн учрашувда таиландлик иштирокчилар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари З.Алимарданованинг Сурхондарё вилояти туризм салоҳияти ва воҳадаги буддизм археологик ёдгорликлари тўғрисидаги тақдимоти билан танишди.

Далварзинтепа, Фаёзтепа, Зурмала, Кампиртепа каби археологик ёдгорликлар билан атрофлича таништирди.

– Зурмала мелодий 2-3, Фаёзтепа ва Қоратепа 1-2 асрларда қурилган. Зурмала ступаси буддавийликнинг муқаддас жойи ҳисобланиб, гумбаз остига буддизмга оид китоблар, ҳайкалчалар ва бошқа табаррук нарсалар сақланган. Вихара типидаги буддавийлик монастир-ибодатхонаси бўлган Фаёзтепа уч қисмдан иборат монументал иншоотдир. Қоратепа эса будда – ғор ибодатхонаси бўлиб, бу ерда топилган моддий – маънавий ва бадиий артефактлар Термиз, Бақтрия ва Марказий Осиёда буддавийлик тарихи учун катта аҳамият касб этади, – дейди З.Алимардонова. – Бу иншоот жаҳон қадимшуносларига буддавийликнинг Марказий Осиё жанубига кириб келиш вақтини, унинг бу ерда ривожланиш хусусиятларини аниқлаш, Бақтриянинг қўшни минтақалардаги буддавийлик бадиий марказлари, биринчи навбатда, гандхара мактаби билан маданий алоқаларини кузатиш имконини бергани билан ҳам аҳамиятлидир.

– Сурхондарёда бир неча марта бўлганман, – дейди жаноб Пхансак Бунясопхонпхонг. – Ҳар сафар бу юртга келганимда ўзимни Таиландда юргандек ҳис этаман. Бизнинг моддий маданиятларимиз бир-бирига жуда ўхшашлиги ҳам ўтмишдаги тарихимиз муштарак эканидан гувоҳлик беради.

Сурхондарё вилоятида ўтмишдан ўнга яқин буддавийлик археологик ёдгорлиги сақланиб қолган.

Дўстона мулоқот шаклида ўтган видеоучрашувда таиландликлар Зурмала ступасини таъмирлаш истаги борлигини, ёз фаслида бир гуруҳ сайёҳлар Сурхондарёга келиб мазкур ёдгорликлар билан танишишга қизиқиш билдирганини маълум қилди. Археологик ёдгорликлар тўғрисида тай тилида китоблар чоп этишга келишилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи З.Намозов, вилоят ҳокимининг туризм ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Ж.Тўраев, Таиланд давлати Накхонратчасима провинцияси Бош роҳиби Пракру Таворн Кижжарак қизиқарли мулоқот учун видеоучрашув ташкилотчиларига чуқур миннатдорлик билдириб, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлларини белгилаб олди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.