ЮНИСЕФнинг инсонпарварлик ёрдами юкланган машиналар карвони Термиздан Афғонистонга йўл олди

БМТнинг болалар фонди ЮНИСЕФ Сурхондарё вилоятидаги “Термиз каргоцентр” логистика марказидан оғир ижтимоий шароитда яшаётган афғонистонлик оилалар учун 16 та юк машинасида санитария-гигиена воситалари ва уй-рўзғор буюмларидан иборат инсонпарварлик ёрдамини жўнатди.

Мазкур юклар қўшни мамлакат Балх вилояти шимолидаги Ҳайратон чегара ўтказиш пункти орқали Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига етказиб берилади.

Термиз туманидаги “Термиз каргоцентр” масъулияти чекланган жамияти йирик логистика маркази бўлиб, унинг умумий ер майдони 40.7 гектарни ташкил этади. Марказда ҳар бирининг майдони 6 минг квадрат-метрни ташкил этадиган тўртта замонавий ёпиқ омборхона мавжуд. Бу ерда божхона расмийлаштируви, сертификатлаш ва брокерлик марказлари, тижорат банки бўлими фаолият юритмоқда. Замонавий меҳмонхона, ресторан, сузиш ҳавзаси ва бошқа хизмат кўрсатиш нуқталари барпо этилган.

Барча шароитларга эга логистика маркази қўшни давлатлар, жумладан Афғонстонга турли юкларни ишончли, тез етказиб бериш учун қулай ҳудудда жойлашган.

–Дастлабки маълумотларга кўра, Афғонистонда 3 миллиондан ортиқ она ва бола оғир ижтимоий шаротда яшамоқда, – дейди БМТ болалар фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси координатори Э.Каниев. – Бу бизнинг қўшни давлатга жўнатаётган биринчи инсонпарварлик ёрдамимиз. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида юбораётган гигиена воситалари ва уй-рўзғор буюмлари  мураккаб ижтимоий шароитда яшаётган оилаларнинг она ва болаларига мўлжалланган. Аҳамиятлиси, барча санитария-гигиена воситалари ва уй-рўзғор буюмлари тўлиқ Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган.

ЮНИСЕФ Афғонистонда оғир шароитда яшаётган оналар ва болаларга йил давомида инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни режалаштирган.

 Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА 

 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.