Тўра Боболов Украинадан эвакуация қилинган сурхондарёликлар билан учрашди
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Украина ва Россия давлатлари ўртасидаги ҳолатларнинг мамлакатимизга таъсирини бартараф этиш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Бунда биринчи навбатда Украина давлатидаги фуқароларимизни хавфсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, уларни мамлакатимизга қайтариш масаласи ҳал этилди.
Хусусан, 28 февралдан 11 мартга қадар 25 та авиарейс ташкиллаштирилди ва ҳарбий ҳаракатлар кечаётган ҳудудлардан 5 минг 634 нафар ватандошимиз Ўзбекистонга қайтарилди. Улар орасида 769 нафар сурхондарёлик ҳам бор.
Шу муносабат билан Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Украина давлатида таҳсил олаётган ва эвакуация қилинган 46 нафар талаба ҳамда уларнинг ота-оналари билан учрашди. Учрашувда шунингдек, ушбу давлат олийгоҳларида масофавий ўқиётган ҳамда ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдин юртимизга қайтган 20 га яқин талаба ва уларнинг ота-оналари ҳам иштирок этди.
- Украинада бўлаётган ҳолатларни кўриб, болажонимнинг у ерда эканлиги мени шунчалар ташвишлантирардики, сониялар йиллар каби ўтгандек бўлди. Президентимизга раҳмат, уруш ўчоғидан фарзандларимизни биринчилардан бўлиб бағримизга қайтардилар. Бугун эса, уларни ўқишларини ўзимизнинг олийгоҳларга кўчириш ва шароити оғир ўқувчиларни дарсдан кейин иш ўринларига жойлаштириш масалалари ҳал этилмоқда. Инсон қадри улуғланаётган шундай жаннатмакон юртда яшаётганимдан беҳад мамнунман, - дейди қувонч кўз ёшларини яшира олмай Олтинсой тумани Ипоқ маҳалласида яшовчи Рохила Норқобилова.
Вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, вилоятдаги мавжуд ОТМ ректорлари иштирок этган учрашувда талабаларнинг ўқишини юртимиздаги олий ўқув юртларига кўчирилиши, бунда уларнинг сарсонгарчилигини олдини олиш мақсадида Термиз давлат университети қошида штаб ташкил этилиши бўйича вилоят ҳокими томонидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шу куни вилоят ҳокими Сариосиё ва Узун туманларида ҳам бўлиб, Украина давлатидан эвакуация қилинган фуқаролар билан учрашди. Учрашувда уларнинг бандлигини таъминлаш, фарзандларини умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълимга қамраб олиш ва бошқа муаммоларини ҳал этиш мақсадида мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Маълумот учун: Сариосиё туманидан 548 нафар, Денов туманидан 99 нафар, Узун туманидан 66 нафар, Термиз шаҳридан 11 нафар, Шўрчи туманидан 9 нафар, Термиз, Қизириқ, Жарқўрғон, Олтинсой туманларидан 5 нафардан, Ангор, Музработ туманларидан 4 нафардан, Бойсун туманидан 3 нафар, Шеробод ва Бандихон туманларидан 2 нафардан ҳамда Қумқўрғон туманидан 1 нафар фуқароларимиз эвакуация қилинган.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz