Т.Боболов: Унутманг, халқ дарду-ташвишига беэътибор ва лоқайд бўлган раҳбарлар асло кечирилмайди

Давлат бошқаруви идоралари раҳбарларининг бевосита халқ ичига кириб, уларни ўйлантираётган масалаларни тинглаётгани ва ўртага ташлаётган муаммоларини бартараф этишга кўмаклашаётгани кейинги йилларда мамлакатимизда илгари сурилган “Кучли давлатдан–кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг амалдаги ифодаси бўлмоқда.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг Денов туманидаги 3-мактабда ўтказган сайёр қабулида ҳам одамларни ўйлантираётган муаммолар тингланиб, аҳоли томонидан ўртага ташланаётган масалалар ечими изланди.Хусусан, Байнахол Беккамова тумандаги Орол маҳалласида яшайди. Очиқ мулоқот чоғида онахон маҳалладаги ёғоч устун ва электр симлари эскириб қолганидан арз қилиб, уни янгилашда амалий ёрдам сўради.

Бу масалани соҳанинг вилоят ва туман мутахассислари жойида ўрганиб, тез кунларда бу муаммони бартараф этадиган бўлди.

­Ёғоч устунлар ва эскирган электр симлари фарзандларимизга зарар етказмасин, деган мақсадда бу масалани ўртага ташладим,­дейди Б.Беккамова.­Кўчада кетаётганида сим узилиб ерга тушса, болалар беҳосдан ушлаб олиши ҳеч гап эмас. Тўғри, бу бир қарашда кўзга ташланмаслиги мумкин. Лекин, вақти келиб, кучли шамол узиб юбормаслигига кафолат йўқ. Муаммомиз тез кунда бартараф этилишини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим.

Фуқаролар бандлик, электр энергияси таъминотидаги камчиликларни бартараф этиш, ички йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви, уй-жой билан таъминлаш ва таъмирлаш, моддий ёрдам кўрсатиш, суд-ҳуқуқ идоралари фаолияти, алиментни ўндириш, тижорат банкидан кредит олиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш каби масалалар билан боғлиқ масалалар билан мурожаат этди. Жумладан, Муҳаммадсобир Хожимуродов етти йил муқаддам тугатилган фермер хўжалигини қайта тиклаб беришни сўради. Вилоят ҳокими бу мурожаат бўйича мутасаддиларга собиқ фермернинг фаолиятини ва айни пайтда мавжуд майдонлардан фойдаланаётган ер эгасининг ишларини чуқур ўрганиб, тегишли хулосага келишни тавсия этди. 3-мактаб ўқитувчиси Дилноза Бегматова таълим муассасаси жойлашган ҳудуддаги серқатнов автмобил йўлига тегишли йўл белгилари ўрнатиш лозимлигини таклиф этди.

Ўқувчилар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган мазкур таклиф ҳам тез кунларда қаноатлантириладиган бўлди. Очиқ мулоқотда фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари, таклиф ва истаклари жойида ҳал этилди. Ечими маълум муддат талаб этадиган мурожатлар бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси қатьий назоратга олинди.

­Сизлар билан келишиб олайлик,­деди вилоят ҳокими очиқ мулоқот якунлангач, раҳбарлар билан қисқа суҳбат чоғида.­Эндиликда фуқароларимиз мен аввал қабулга келган эдим, лекин масала ҳал бўлмади, деса ҳафа бўлманг, жавобгарлиги қаттиқ бўлади. Бунинг учун ҳар бир мурожаатчи билан жиддий шуғулланиб, ўртага ташлаган масаласига қонуний ечим топиш керак. Барчамиз халқ хизматида бўлишни ўз зиммамизга олганмиз. Унутманг, халқ дарду-ташвишига беэътибор ва лоқайд бўлган раҳбарлар асло кечирилмайди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.