Тўра Боболовнинг журналистлар билан учрашувида фикрлар очиқчасига гапирилди, муаммолар муҳокама қилинди

Ҳозирда вилоятимизда 36 та газета ва журнал, 3 та телевидение, 2 та радиоканал, 3 та веб-сайт, 3 та нашриёт ва босмахона, 57 та матбаа корхонасида 500 нафарга яқин фидойи инсонлар меҳнат қилмоқда. 20 га яқин Республика оммавий ахборот воситаларининг вилоятимизда ўз мухбирлари бор.

Улар мамлакатимиз, хусусан вилоятимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни холис ёритиш билан бирга, барча даражадаги раҳбарларни жойлардаги мавжуд долзарб муаммоларни бартараф этишга даъват этиб, ундаб келмоқда.

Вилоятда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситаларининг 70 нафардан ортиқ вакиллари ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ахборот хизматлари раҳбарлари иштирок этган учрашувда Тўра Боболов журналистларнинг демократик ислоҳотлар жараёни, ошкоралик ва сўз эркинлигини таъминлашдаги ўрни ва роли ҳақида сўз юритди.

– Жорий йилда Сурхондарё вилояти ташкил этилганлигининг 80 йиллиги, Президент соврини учун Ал Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган халқаро кураш турнири, “Бойсун баҳори” халқаро очиқ фольклор фестивали ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига ҳамоҳанг тарзда ушбу тадбирларни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича сизларнинг таклифларингиз, фикр ва мулоҳазаларингизни тингламоқчимиз. Қолаверса, сизларни ўйлантираётган муаммолар бўлса эшитишга, уларни ҳал қилиш чораларини кўришга тайёрмиз, – деди вилоят ҳокими.

Самимий руҳда ўтган учрашувда воҳа бўйлаб кўпроқ пресс-турлар ташкил этиш, март ойини “Сурхондарё вилояти ойлиги” деб эълон қилиш, оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида қатор спорт турлари бўйича “Вилоят ҳокими кубоги” мусобақаларини уюштириш, ахборот хизматлари фаолият самарадорлигини янада ошириш ва медиа вакиллари билан ҳамкорлигини кучайтириш, соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалалар юзасидан долзарб таклифлар билдирилди, фикрлар очиқчасига гапирилди, муаммолар муҳокама қилинди.

Бундай учрашувларнинг ҳар ойда ўтказилиши энди анъана тусига кириши, яқин кунларда блогерлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари билан ҳам очиқ мулоқот ташкил этилиши айтилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.