Озарбойжон Миллий Мажлиси Маданият қўмитаси раҳбари Ганира Пашаева: “Тилимиз, динимиз, илдизларимиз, қонимиз бир”

Сурхондарё вилоятида “Озарбойжон маданияти кунлари” бўлиб ўтди.

Озарбойжон Республикаси маданият, санъат, фан ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан иборат делегация Сурхондарё вилоятида бўлиб, қизиқарли учрашувлар ўтказди.

Термиз давлат университетида ўтган учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбойжон Республикалари ўртасидаги азалий дўстлик, қардошлик алоқалари янги босқичда юксалиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Университет ректори А. Мараҳимов делегация аъзоларини олий таълим муассасаси билан яқиндан таништирди. Мамлакатимиз олий таълим тизимида кейинги йилларда юз берган ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида фикр алмашилди.

–Бундан атиги беш йил муқаддам 6 минг 500 талаба ўқиган Термиз давлат университетида бугун 30 мингга яқин йигит-қиз 14 та факультетда илм-фан сирларини чуқур ўрганмоқда,–деди А.Марахимов.–. Олий таълим мауассасамиз қошида педагог кадрлар тайёрлайдиган институт ҳам бор. Вилоятдаги йирик олий таълим даргоҳимизда барча замонавий шароитларга эга янги ўқув бинолари, талабалар турар-жойлари қурилиб, ишга туширилмоқда. Шунингдек, дунёдаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларимиз мустаҳкамланиб бораётир. Шу мақсадда Озарбойжон Республикасидаги университетлар билан ҳам илмий-амалий алоқаларни йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Бунинг учун аниқ мақсадга қаратилган лойиҳаларимиз мавжуд. 

Учрашувда давлатларимиз олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичда ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди. Профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшларнинг илмий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, биргаликда илмий изланишлар олиб бориб, тарихий алоқаларни ривожлантириш, нафақат бой тарихимиз, маданиятимиз ҳамда буюк аждодларимиз меросини чуқур таҳлил қилиш, балки, туристик, маданий ва бошқа соҳаларда ҳам ўзаро ҳамкорликни янада кенг йўлга қўйиш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар илгари сурилди. 

–Тилимиз, динимиз, илдизларимиз, қонимиз бир,–дейди Озарбойжон Миллий Мажлиси Маданият қўмитаси раҳбари, Миллий Мажлисдаги Ўзбекистон–Озарбойжон дўстлик жамияти аъзоси Ганира Пашаева.– Бу юртнинг Имом Термизий, Имом Бухорий, Мотрудий, Ибн Сино, Беруний каби буюк алломалари бизнинг ҳам бобомиз. Биз муборак Рамозон ойида беназир бобомиз Ҳаким Термизий ҳазратларини зиёрат айлаганимиздан фахрланамиз. Ўзбекистон ва Озарбойжон тарихи бу–бизнинг миллатларимиз тарихи. Уни икки дўст миллат вакиллари яхши биламиз. Лекин, ёш авлод онгу-шуурига бу тарихни, муштарак маданиятни янада чуқур сингдириш ҳам бизнинг вазифамиз. Келажакда йўлга қўядиган ўзаро ҳамкорлик алоқаларимиз шу мақсадга эришишимизда ўз самарасини беришига умид қиламан.

Тадбир доирасида меҳмонлар Термиз давлат университетида барпо этилган Хуршидбону Нотавон номидаги Озарбойжон маданияти ва адабиёти марказининг очилиш маросимида иштирок этди. 

Ўзбекистон ва Озарбойжон Республикалари Маданият вазирлиги, Ўзбекистондаги Хайдар Алиев номли Озарбойжон маданияти маркази, Термиз давлат университети ва икки дўст давлатнинг бошқа ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган марказ яқин қардош мамлакат миллий маданияти, нафис адабиёти ва бой тарихини ўзида акс эттирган. Озар адабиёти буюк намаёндаларининг ўзбек тилига ўгирилган нодир асарлари намуналари, миллий маданияти кўргазмаси, турли экспонатлари ўрин олган. Уларда Озарбойжон халқининг маданияти, адабиёти ва санъати билан бирга турмуш тарзи ва гўзал табиати кенг намоён этилган. Марказда икки давлат профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшларининг ўзаро видеомулоқот қилиши учун ҳам барча замонавий шароит яратилган. 

Қардош халқ делегацияси университетнинг Қатоғон қурбонлари музейида бўлиб, жанубдаги воҳанинг мамлакатимиз мустақиллиги, халқимизнинг озод ва эркин турмуши, келажак авлодларнинг тинч, фаровон турмушини таъминлаш орзусида мардона кураш олиб борган жасур, фидойи инсонлари фаолияти, ҳаёти ва мероси акс этган экспонатлар билан яқиндан танишди. 

Термиз давлат университетининг фаоллар залида профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирокида ташкил этилган тадбирда меҳмонлар Ўзбекистон ҳақида Озарбойжон тилида чоп этилган қатор янги китоблар тақдимотини ўтказди. Қардош мамлакат санъаткорлари ижросидаги концерт дастури намойиш этилди. Ўзбек ва Озарбойжон миллий санъати намуналаридан иборат совғалар улашилди. 

Делегация аъзоларининг “Озарбойжон маданияти кунлари” Термиз шаҳридаги муҳташам Санъат саройида вилоят аҳли билан қизиқарли учрашув ва катта концерт дастури билан якунланади. 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, 

ЎзА мухбири

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.