Тўра Боболов Жарқўрғонда 7 соат сайёр қабул ўтказди
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов бошчилигида секторлар, бошқарма ва ташкилотлар, Халқ қабулхонаси раҳбарларининг “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан маҳаллабай учрашувлари давом этмоқда.
Бугун Жарқўрғон туманининг “Истиқлол” маҳалласида ўтказилган учрашув оммавий сайёр қабулга айланиб кетди. 7 соат давом этган қабулда эҳтиёжманд оилалар муаммоларини ўрганиш, ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш орқали уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишларига кўмаклашиш баробарида аҳолини қийнаб келаётган қатор ижтимоий масалаларга ҳам ечим изланди.
Фуқаролардан асосан иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уй-жой, йўлларни таъмирлаш, газ, сув ва электр таъминоти, таълим, соғлиқни сақлаш, тижорат банкларига оид ва бошқа масалаларда 400 га яқин мурожаат тушди. Бу фуқароларнинг ҳаммаси ҳам “Истиқлол” маҳалласидан эмас, қўшни маҳаллалар ва туманлардан келганлар ҳам кўпчиликни ташкил этди. Муҳими, сайёр қабулдаги мурожаатлар эътиборсиз қолмади, ҳар бир масалага ечим излашга ҳаракат қилинди.
– Опам иккимиз тадбиркорлик фаолиятимизни йўлга қўйиш учун ер майдони ва банк кредити ажратилиши, шунингдек, маҳалламиздаги 33-умумтаълим мактаби биносини таъмирлаш, ички йўлларни тошлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлашда амалий ёрдам сўрадик, – дейди “Полвонлар юрти” маҳалласида яшовчи Севара Хўжақулова. – Бугунги қабулдан сўнг барча масалаларимиз ижобий ечиладиган бўлди. Вилоят ҳокими мутасадди раҳбарларга вазиятни ўрганиб, масалаларни ҳал этиш бўйича кўрсатма бердилар. Биз бундан жуда миннатдормиз.
Эндиликда сайёр қабулларда шахсий муаммолардан кўра, жамоавий, ижтимоий ҳамда тадбиркорлик билан боғлиқ мурожаатлар сони ортиб бормоқда. Бу, аввало, одамларимизнинг руҳияти ҳамда дунёқараши, ҳаётга, ўз меҳнатининг натижасига муносабати ўзгараётганидан далолатдир.
Шу тариқа Жарқўрғонда ўтказилган қабулда ҳар бир мурожаатчининг масаласи улар иштирокида шу ернинг ўзида кўриб чиқилди, зарур чора-тадбир белгиланди. Зеро, халқнинг дарду ташвиши билан яшаш энг асосий мақсад бўлиб, унинг рўёби юртимиз равнақига, унинг янада гуллаб-яшнашига, фуқароларнинг тинч, осуда, фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлашга хизмат қилади.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz