Германиянинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили бошчилигидаги делегация Сурхондарёга келди
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Германиянинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Яспер Вик бошчилигидаги Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари Алис Волькен ва унинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Михаль Виммер ҳамда Германия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги дипартамент директори Гелмут Фишер, Германия Ташқи ишлар вазирлиги департамент директори ўринбосари Катерина Мехдан иборат делегация билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Т.Боболов вилоятнинг иқтисодий, ижтимоий, географик имкониятлари ҳамда ўзига хос инвестициявий хусусиятлари тўғрисида сўз юритди.
Ўзаро ишонч руҳида ўтган мулоқот давомида икки томонлама ўзаро алоқаларни юқори босқичга кўтариш, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, таълим, тиббиёт ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Кейинги йилларда Сурхондарё вилояти билан германиялик ишбилармонлар доирасининг ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда. Ўтган йили Сурхондарё вилоятида Германия билан ҳамкорликда ташкил этилган 4 та хорижий ва қўшма корхона томонидан 4,5 млн доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинди. Ташқи савдо айланмаси 6 млн долларни ташкил этди. Шу жумладан, Германияга 2021 йилда 284,5 минг доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинган бўлса, вилоятимизга 5 млн 646 минг долларлик маҳсулот импорт қилинган.
Германияга асосан мева-сабзавотлар, калава ип, хизматлар, асбоб-ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари экспорти амалга оширилган бўлса, бизга саноатнинг турли йўналишлари учун замонавий технологик жиҳозлар, қора мол ва уруғликлар олиб келинган.
Шунингдек, мулоқотда вилоят ҳудудида жойлашган Афғонистон фуқарорларини ўқитиш таълим марказида қўшни мамлакат фуқароларининг таълим олиши ва касб-ҳунар ўрганишларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича фикр алмашилиб, ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Меҳмонлар вилоятга ташрифи доирасида “Термиз” назорат-ўтказиш пункти, “Дўстлик” кўприги, “Барқарор хаёт” нодавлат нотижорат ташкилоти, Афғонистон фуқарорларини ўқитиш таълим маркази ва Термиз Археология музейига ташриф буюриб, уларнинг фаолияти билан танишадилар.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz