Вилоятимиз аҳли оғир жудоликка учради

Ҳаёти ва меҳнат фаолиятининг асосий қисмини хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва фаоллигини оширишга бағишлаган таниқли раҳбар, меҳнат фахрийси, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Қобулова Мавлуда Умаржоновна шу йил 14 апрель куни 63 ёшида оламдан ўтди.

М.Қобулова меҳнат фаолиятини 1977 йил Денов тумани марказий касалхонаси болалар бўлимида оддий ҳамшираликдан бошлаб, Денов тумани марказий касалхонаси туғруқ бўлими шифокор-интернаси, шифокор неонотологи, бош неонотологи, шифокор-статисти, Тошкент педиатрия тиббиёт институти оператив хирургия ва топографик анатомия кафедраси ассистенти, доценти, ўқув-услубий бўлими бошлиғи, Денов тумани “Ҳазарбоғ” қишлоқ шифохонаси бош шифокори, Денов тумани марказий касалхонаси бош шифокорининг ташкилий-услубий ишлар бўйича ўринбосари вазифаларида ишлади. Узоқ йиллар Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари - хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритиб, вилоятда хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини ошириш  йўлида самарали меҳнат қилди. У хотин-қизлар қўмитаси тизимидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати билан нафақат вилоятимиз балки, мамлакат миқёсида салоҳиятли раҳбар аёл сифатида танилди.

Етакчи раҳбар аёл ва етук ташкилотчи Мавлуда Қобулова сўнгги йилларда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Сурхондарё вилоятидаги ҳудудий бўлинмаси раҳбари лавозимида фидокорона хизмат қилиб келаётган эди.

Хотин-қизлар турмуш тарзини яхши билган, ўзининг бой билим ва ҳаётий тажрибаси, бор куч-ғайратини эл-юрт равнақига бағишлаган М. Қобулова умрининг охиригача ўз касбига содиқ қолиб, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Сурхондарё вилоятидаги ҳудудий бўлинмаси раҳбари сифатида ҳам барчага ибрат ва намуна бўлди. Кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида ўз касбини пухта эгаллаган ташкилотчи раҳбар, меҳнатсевар, камтарин ва ватанпарвар инсон сифатида танилди. Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати сифатида ҳам ўзининг чуқур билими, тажрибаси, ташаббускорлиги, шижоати билан самарали фаолият юритди.

Кўп йиллик самарали меҳнатлари, давлат ва жамаот ишларидаги фаоллиги учун Мавлуда Умаржоновна Президентимиз фармони билан 2018 йил “Меҳнат шуҳрати” орденига сазовар бўлган эди.

Меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон, яқин дўст Мавлуда Қобулованинг ёрқин хотираси қалбларимизда абадий сақланиб қолади.

Т.Боболов, О.Соатов, З.Хидирова, А.Чориев.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.