Юртимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот инсон қадри учун хизмат қилмоғи лозим ва бу тамойил бугунги кунда олий қадрият даражасига кўтарилди. Бугун барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим яратилди. Жойларда ўтаётган сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда, шак-шубҳасиз, кутилган натижаларни бермоқда.
Бугун Термиз тумани “Янги ҳаёт” маҳалласи ҳудудида жойлашган маданият уйида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг туман аҳолиси учун сайёр қабули бўлиб ўтди. Эрталаб соат 8:00 да бошланган сайёр қабул давомида 200 нафардан ортиқ фуқароларнинг мурожаатлари қарийб 6 соат давомида тингланди ва масъуллар иштирокида кўриб чиқилди.
Шу жумладан, сайёр қабулга муаммоси ҳал бўлишини ният қилиб келган “Бунёдкор” маҳалласида яшовчи Саломат Бегимова вилоят ҳокимининг қабулида турмуш ўртоғи вафот этганлиги, ўзи ҳамшира бўлиб ишлашини ва 4 нафар фарзандларининг 3 нафари ҳали мактаб ўқувчиси эканини билдириб, катта фарзандининг олийгоҳдаги ўқиши учун контракт пулини тўлашда амалий ёрдам сўраб мурожааат қилди. Вилоят раҳбари мурожаатни ижобий ҳал этиб, контракт пули тўлаб берилишини маълум қилди.
– Эрталаб вилоятимиз ҳокими бизнинг туманда сайёр қабул ўтказишини эшитиб, муаммом ҳал бўлишига умид қилиб қабулга келган эдим. Мурожаатимни батафсил тинглаган вилоят ҳокими масаламни шу ернинг ўзида ижобий ҳал этиб бердилар. Бунинг учун миннатдорчилик билдираман ва худо хоҳласа келажакда фарзандим тиббиёт олийгоҳини тамомлаб, вилоятимиз, қолаверса туманимиз учун хизмат қиладиган етук кадр бўлиб етишади албатта – дейди мурожаати ижобий ҳал этилганидан хурсанд бўлган Саломат Бегимова.
Шунингдек, сайёр қабул давомида туманнинг “М.Эштемиров” маҳалласида яшовчи Мастура Рахматуллаеванинг қайнонаси юролмаслигини билдириб, ногиронлик аравачаси олишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилиб, ногиронлик аравачаси ажратиб берилди. “Бунёдкор” маҳалласида яшовчи Нодира Қўчқоровага эса фарзандини даволатиш ҳамда оилавий шароитини яхшилаш учун 12 миллион сўм ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.
Сайёр қабул давомида фуқаролар томонидан ичимлик суви, ички йўллар таъмири, электр ва газ таъминоти, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот каби турли масалалардаги 285 та мурожаат тингланди. Мурожаатларнинг 23,5 фоизи шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилган бўлса, 218 та мурожаат ижроси муддат талаб этилгани боис масъулларга қўшимча ўрганиш ўтказиб, мурожаатларни ҳал этиш вазифаси юклатилди.
“Инсон қадри ҳар нарсадан устун” шиори остида ўтказилаётган вилоят ҳокими ва сектор раҳбарларининг сайёр қабуллари навбат билан бошқа шаҳар ва туманларда ҳам бўлиб ўтади.