Сурхондарё вилояти ҳокими секторлар фаолиятини танқид қилди
Сурхондарё вилояти ҳокими секторлар фаолиятини танқид қилди
ЖамиятТанлаш
Рўйхатдан ўтинг
12:32 / 30.04.2022

Термизда Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

 Унда Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, вилоятдан Олий Мажлис Сенатига сайланган сенаторлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, вилоят ташкилот, корхона ва муассасалари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Сессияда вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг ўзи раҳбарлик қилаётган биринчи секторда жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар, келгусидаги вазифаларга бағишланган ҳисоботи тингланиб, муҳокама этилди. 

– Мамлакатимизда кейинги йилларда юз бераётган туб ўзгаришлар Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг мустаҳкам пойдеворини яратишга хизмат қилмоқда, – деди Тўра Боболов. 

– Бу жараёнда катта-кичик раҳбарларнинг халқ ичига кириб, очиқ мулоқот қилиши йўлга қўйилгани, ҳудудларни тўртта секторга бўлиб, сектор раҳбарига маҳаллаларни ҳар тарафлама ривожлантириш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиб, аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришдек муҳим вазифалар белгилаб берилгани одамларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашида муҳим ўрин тутмоқда.

Бу янгиланишларнинг бевосита иштирокчиси сифатида баъзан шу тизимлар бундан олти йилча олдинги даврда жорий этилганида бугун тадбиркорлик ҳам, халқимизнинг турмуши ҳам, мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий ҳаёти ҳам ҳозирги даражасидан анча юқори бўлармиди, деган ҳаёлга бораман. 

Тўғри, ўша йилларда ҳам ишламадик, демаймиз. Ишладик. Лекин, ҳозиргидек бир тизим асосида меҳнат қилмадик. Мана, эндиликда ҳоким бўладими, ташкилот раҳбари бўладими ўзига юклатилган аниқ вазифаси бор. Аҳолининг дарду-ташвишини тинглаб, улар ўртага ташлаётган масалаларни ечадиган тизим мавжуд. 

Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилининг дастлабки чорагида бу вазифаларни бажариш учун вилоятдаги биринчи секторда қандай ишлар амалга оширилди? Қандай камчиликлар бўлди? Келгусида халқимизни рози қилиш учун яна нималар қилишимиз керак? Бугун шу ҳақда ҳисобот бериб, сизлар билан маслаҳатлашиб олмоқчиман.

Қайд этилдики, вилоятнинг биринчи секторида 176 та маҳалла бўлиб, 166 минг 211 та оилада 689 минг 920 киши истиқомат қилмоқда. Йил бошидан буён жойларда 11 та сайёр қабул ўтказилиб, аҳолининг мурожатлари тингланди. Очиқ мулоқотларда 1 минг 193 фуқаро 1 минг 428 та масалани ўртага ташлади. Уларнинг 895 таси ёки 63 фоизи ўз ечимини топди. 254 тасига асосли тушунтириш берилди. 279 таси қатьий назоратга олиниб, уларни ечиш йўллари изланмоқда.

Сайёр қабулларда мурожаат этган чин етимлар, боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг олий ўқув юртларидаги контракт тўловлари, даволаниши ва жарроҳлик амалиётини ўтказиши учун халқ депутатлари вилоят кенгаши қарорлари билан 700 миллион сўм маблағ ажратилди. 

Бойсун туманидаги оғир ҳудудлар – Ўрмончи, Дуоба ва Деҳиболо маҳаллаларида 20 километр масофага сув тармоғини тортиб, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш учун Д-76 миллиметрли қувур олиб келинди. Сектордаги оғир ҳудуд тоифасига кирувчи 44 та маҳалланинг 180 километр йўлига тош-шағал ётқизилди.

 41 километр ичимлик сув тармоғи тортилиб, 77 та ичимлик сув иншооти таъмирланди. 122 километр электр узатиш тармоғи, 181 та трансформаторлар таъмирланди, янгисига алмаштирилди. 695 та таянч устун ўрнатилди. 6 километр газ тармоғи тортилиб, 976 та газ тармоғи таъмирланди. 132 минг 127 дона суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди. Аҳолига 711 тонна кўмир маҳсулоти етказилди.

–Шу ўринда бир масалага эътиборларингизни қаратмоқчиман, – деди вилоят ҳокими. – Йилнинг дастлабки чорагида Ўзбекистон Республикасининг Президент виртуал ва Халқ қабулхоналарига аҳолидан 41 минг 724 та турли масаладаги мурожаат тушиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сони 8 мингтага камайган бўлсада, болалар нафақаси, иш билан таъминлаш, суд қарорлари ва алимент ундируви, ички йўлларни таъмирлаш, уй-жой билан таъминлаш каби масалаларда мурожаатлар кескин ошган. Энди ҳақли савол туғилади. 

уман ва шаҳардаги секторлар раҳбарлари ҳудудларида “дардингиз нима?”, “нима муаммонгиз бор?”, деб фуқароларига юзланаяптими, ўзи? Ҳудудлар маҳаллабай ўрганилаяптими? Масалан, Денов, Бойсун, Термиз, Узун каби туманларда ўтказган оммавий қабулларда одамларнинг туман даражасида ҳал этиладиган оддий масалалар бўйича менга мурожаат этаётганини қандай изоҳлаш мумкин? 

Ҳисоботда сектор ҳудудида истиқомат қилаётган аҳолининг ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришиш учун электр энергияси, тоза ичимлик сув, газ таъминоти, таълим, тиббиёт, бандлик ва бошқа соҳаларда юз берган янгиланишлар чуқур таҳлил қилинди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” га киритилган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва аёллар муаммоларини ҳал этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ижроси, келгусида амалга ошириладиган муҳим вазифалар  ҳақида атрофлича маълумот берилди. 
Сессияда шунингдек, вилоят ҳаётига оид бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, 
ЎзА мухбири

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.