Афғон халқига навбатдаги инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди
Муборак Рамазон ҳайити муносабати билан бугун Ўзбекистон Республикасининг биродар афғон халқига 58 вагонда озиқ-овқат, дори-дармон ва кийим-кечакдан иборат навбатдаги инсонпарварлик ёрдами ортилган эзгулик поезди "Айритом" чегара ўтказиш пункти орқали қўшни мамлакатнинг Балх вилоятига етказилди.
Бу ҳақда Афғонистондан ЎзАга хабар берган вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Муроджон Давлатовнинг айтишича, инсонпарварлик ёрдами таркибида 1000 тонна ун, 29 вагон буғдой, 5 вагон гуруч, 10 тонна ёғ, 173 минг 716 қадоқ зарур дори-дармон, 100 минг дона вакцина, 100 минг дона ковид-тест, 20 минг дона кийим-кечак ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, турли ширинликлар бор.
Ҳайратон шаҳрида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Президентимизнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид, Балх вилояти губернатори Қудратилло Aбу Ҳамза ва бошқалар иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди.
–Муборак Рамазон ҳайити арафасида Президентимизнинг инсонпарварлик ёрдамини олиб келдик, – деди Тўра Боболов. – Биз бир дарёнинг икки қирғоғида яшайдиган икки халқмиз. Динимиз, урф-одатларимиз бир. Биз тўйларимиз, байрамларимиз ҳам бирга ўтишини, афғон диёрида тинчлик, хотиржамлик бўлишини истаймиз.
Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбарида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ғоясини илгари сурганида чуқур маъно бор. Албатта, тинч, осойишта мамлакатда саноат юксалиб, иқтисодиёт ривожланади. Одамларнинг турмуш даражаси ўсади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz