Бугун, 5 май куни вилоят ҳокимлигида видеоселектор тарзида навбатдаги “Ҳокимлик соати” йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят, шаҳар ва туманлар секторлари раҳбарлари, ҳокимлик аппарати масъул ходимлари, алоқадор бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди. Йиғилишни вилоят ҳокими Тўра Боболов бошқариб борди.
Дастлаб, кун тартибидаги биринчи масала юзасидан “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалига тайёргарлик кўриш, ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий меҳмонларга қулайликлар яратиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Ҳисобот берувчилар халқаро фестивалга тайёргарлик кўриш жараёнларининг якуний босқичида амалга оширилаётган ишлар ва амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида ахборот беришди.
Вилоят ҳокими халқаро миқёсда ўтказилаётган фестивалга тайёргарлик ишларини бугун тўлиқ якунлаш ва тадбирни юқори савияда ўтказиш бўйича барча чораларни амалга ошириш бўйича масъулларга кўрсатма ва топшириқларини берди.
Шундан сўнг, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан II жаҳон уруши қатнашчиларини тақдирлаш бўйича амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.
Вилоятда истиқомат қилаётган II жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийларининг хонадонларига бориб, улар яшаётган манзилларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш бўйича шаҳар ва туманлар секторлар раҳбарларига вазифалар юкланди.
Йиғилишда шунингдек, вилоятимизда фавқулотда вазиятларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар аҳволи муҳокама қилиниб, кейинги кунларда вилоятимизнинг тоғли ва тоғолди ҳудудларида кузатилаётган фавқулотда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли ҳавфсизлигини таъминлаш ва ижтимоий соҳа объектлари ҳамда фуқароларнинг мол-мулкларига зарар етишининг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар бўйича вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ва туманлар ҳокимларининг ҳисоботлари тингланди.
Вилоят ҳокими юзага келаётган фавқулотда вазиятларнинг олдини олиш, оқибатларини тезкорлик билан бартараф этган ҳолда аҳоли ҳавфсизлигини таъминлаш ҳамда идоралараро тезкор штабнинг туну-кун, самарали ишлашини таъминлаш бўйича кўрсатма ва топшириқларини берди.