Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Вилоятда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди

Бугун, 23 май куни вилоят ҳокимлигида видеоселектор тарзида навбатдаги “Ҳокимлик соати” йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят, шаҳар ва туманлар секторлари раҳбарлари, ҳокимлик аппарати масъул ходимлари, алоқадор бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Йиғилишни вилоят ҳокими Тўра Боболов бошқариб борди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро қилиниши аҳволи тўғрисидаги масала муҳокама қилинди. Бу борада сусткашликка йўл қўйган вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларининг тегишли масъуллари огоҳлантирилди.

Шундан сўнг вилоятда маънавий-маърифий соҳада бажарилиши лозим бўлган ишларнинг самарадорлигини ошириш борасидаги ишлар танқидий муҳокама қилинди.

Жумладан, Олтинсой тумани халқ таълими бўлими  учта мактабда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ва битта мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчисини Президентнинг “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони талабларига зид равишда танловларсиз лавозимга тайинланганлиги, Музработ, Ангор туманлари ва Термиз шаҳрида Маънавият ва маърифат маскани фойдаланишга топширилиши белгиланган бўлсада, Ангор тумани ва Термиз шаҳрида қурилиш ишлари якунланмаганлиги, шунингдек, жорий йилда Бойсун, Денов, Шўрчи, Шеробод, Қизириқ туманларида ҳам шундай масканларни қуриш ишлари бошланмаганлигини таъкидланиб, хато ва камчиликларга йўл қўйган масъуллар огоҳлантирилиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича муддат белгиланди.

Шунингдек, ҳудудлардаги аҳоли гавжум жойларда аҳоли маънавиятига салбий таъсир кўрсатаётган, ёвузликни тарғиб этувчи сўзлар билан аталган жой номлари мавжуд эканлиги таъкидланиб, ушбу ҳолат миллий маънавиятимизга умуман мос келмаслиги сабабли зудлик билан бартараф этиш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.

Вилоят ҳокими Тўра Боболов кун тартибидаги навбатдаги масала - 25 май - "Сўнгги қўнғироқ тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни кўтаринки кайфиятда ўтказиш, шу жумладан, маънавий-маърифий ва спорт тадбирларини юқори савияда ташкил этиш ҳамда битирувчи ёшлар ўртасида яқинларининг автомобилини бошқариш натижасида автоҳалокатларнинг юзага келиши хавфининг олдини олиш масаласига тўхталиб, бу борада назоратни кучайтириш бўйича масъулларга қатъий вазифалар юклади.

Йиғилишда болаларни соғломлаштириш ҳамда дам олдириш масканларининг мавсумга тайёргарлик ҳолати муҳокамаси ҳам бўлиб ўтди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.