Ҳокимлик соатида муҳим масалалар муҳокама қилинди
Бугун, 30 май куни вилоят ҳокимлигида видеоселектор тарзида навбатдаги “Ҳокимлик соати” йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят, шаҳар ва туманлар секторлари раҳбарлари, ҳокимлик аппарати масъул ходимлари, алоқадор бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Йиғилишни вилоят ҳокими Тўра Боболов бошқариб борди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро қилиниши аҳволи тўғрисидаги масала муҳокама қилинди. Бу борада сусткашликка йўл қўйган вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларининг тегишли масъуллари огоҳлантирилди.
Шундан сўнг давлат активларини хусусийлаштириш ва бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш ҳамда вилоятнинг олис ва чекка ҳудудларида контейнер усулидаги тиббиёт пунктларини ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар танқидий муҳокама қилинди.
Айтиш керакки, жорий йилнинг апрел ойида вилоятнинг олис ҳудудларига 160 та (6 ва 12 метрли) ихчам, беморларга энг зарур тиббий хизматлар кўрсатилиши учун қулай шароит яратилган контейнерлар тиббиёт пунктларини ташкил этиш учун ажратиб берилган эди. Ўрганишлар натижасида туманларда контейнерларнинг 20 га яқини фойдаланишга топширилмагани вилоят ҳокими томонидан танқид қилиниб, тегишли масъулларга интизомий жазо чораларини қўллаш бўйича кўрсатма берди.
Ўтган ҳокимлик соатида Ангор тумани ва Термиз шаҳрида Маънавият ва маърифат масканини қуриш ишлари якунланмаганлиги ҳамда Бойсун, Денов, Шўрчи, Шеробод ва Қизириқ туманларида ушбу объектларни қуриш ишлари бошланмаганлиги муҳокама қилинган эди. Бугунги йиғилишда Бойсун, Қизириқ ва Шўрчи туманларида бу борада амалий ишлар бошланганлиги таъкидланиб, қолган туман масъулларига қатъий чоралар қўллаш бўйича кўрсатма берилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz