Бугун Термиз давлат университетининг фаоллар залида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иштирокида битирувчи ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида вилоят раҳбари мамлакатимизда кейинги йилларда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан олий ўқув юртлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, илмий салоҳиятини юксалтириш, таълим сифатини халқаро андозалар даражасига кўтариш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирди.
Мулоқотда вилоятимиздаги битирувчи талабаларни иш билан таъминлаш, бу борадаги мавжуд имкониятлар, жорий ўқув йилида мавжуд 6 та олий таълим муассасаларини тамомлаётган 4,5 мингга яқин талабаларни мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Очиқ, самимий тарзда ўтган мулоқот давомида вилоят ҳокими битирувчи ёшларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Тадбир доирасида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 70 нафарга яқин талабалар вилоятдаги умумтаълим мактаблари ҳамда банк, суғурта, молия, хизмат кўрсатиш корхоналарига ишга қабул қилиш бўйича шартнома имзолаш имкониятига эга бўлишди.