Давлат герби 30 ёшда!

Ўзбекистон Республикаси Давлат Герби қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази” биноси олдидан “Баркамол авлод”, “Ислом Каримов”, “Ҳаким ат Термизий” ва “Ибн Сино” номидаги марказий кўчалар бўйлаб Санъат саройи ҳудудигача “Ватанпарвар автокарвони” ҳаракатланди.

Шундан сўнг, муҳташам Санъат саройида “Оламни маҳлиё айлаган диёр!” шиори остида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда вилоят фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Илхом Сапаров сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг нафақат давлат рамзи, балки миллат ифтихори сифатидаги юксак аҳамиятини алоҳида эътироф этди.

Дарҳақиқат, герб – ҳар бир давлатнинг рамзи, халқнинг тимсоли! Ундаги ҳар бир тасвир, ранг, чизиқ ва белги улуғлик, фидойилик ва олийжаноблик нишонаси бўлиб, ўзида тинчлик, яхшилик, бахт-саодат ва юртнинг фаровонлик йўлидаги орзу-умидларини ифодалайди.

Тадбирда сўз олганлар, мустақиллигимиз белгиси бўлган гербимизни мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча шахслар ҳурмат қилишлари заруратини таъкидлади.

Тантанали тадбирда санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида Ватанни, мардликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар иштирокчилар қалбига хуш кайфият улашди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.