Заргарлик соҳасини ривожлантириш бўйича тадбиркорларнинг таклифлари тингланди

Давлат раҳбари ҳузурида жорий йил 7 ноябрь куни ўтказилган маҳаллий саноатни янада ривожлантириш бўйича устувор вазифалар масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида заргарлик соҳасини ривожлантириш масаласи ҳам муҳокама қилиниб, қатор вазифа ва топшириқлар белгилаб берилган эди. Шунингдек, ушбу йиғилишда заргарлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун жорий йил 1 декабрдан бошлаб бир қатор қулайлик ва имтиёзлар берилиши таъкидланган.

Бугун Термиз шаҳридаги “Заргарлик маркази"да вилоят ҳокими Тўра Боболов ҳамда Республика Марказий банк Раисининг ўринбосари Бобир Абубакиров заргарлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан учрашди.

Учрашувда мазкур фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг соҳани ривожлантириш борасидаги таклиф ва муаммолари тингланиб, уларга яратилаётган қулайликлар, фаолиятларини қўллаб-қувватлаш учун жорий қилинаётган имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди. Учрашувда тадбиркорлар томонидан билдирилган таклифлар асосида вилоятда заргарликни ривожлантириш ва ушбу фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 декабрдан бошлаб заргарликда, олтин ва кумушни кечиктириб тўлаш бўйича кафолотларни қабул қилиш (якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳам), олтин, кумуш ва заргарлик учун зарур хом ашёларни қайта ишлаш бўйича вақтинча олиб кириш ва олиб чиқишда лицензия талабини бекор қилиш, қимматбаҳо ва безак тошларини божхона тўловидан озод қилиш ҳамда бошқа турдаги енгилликлар жорий қилинади. Шунингдек, 10 минг долларгача бўлган заргарлик буюмларини четга олиб чиқишга рухсат берилади.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.