Тўра Боболов: "Ободлик ва тозалик бўлган жойда барака бўлади"

Бугун соат 7:00 да Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят бошқармалари, Термиз шаҳар секторлари ва тегишли ташкилотлар раҳбарлари, шаҳар кенгаши депутатлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирокида вилоят марказининг ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва тозалик ишларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда шаҳарнинг айрим ҳудудларида озодалик, саранжом-саришталик кўзга ташланмаётгани, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, атроф-муҳит ободончилигида хунук манзара касб этаётган чиқиндиларни ўз вақтида ташиб чиқаришда сусткашликка йўл қўйилаётгани, аҳолининг уй ва ҳовлилари атрофини тозалаш ва атроф-муҳитга бўлган шахсий масъулиятини ошириш зарурлиги айтилди.

– Бугун вилоятимиз маркази юртимизнинг гўзал, обод ва тинч шаҳрига айланиб бормоқда. Бу ерга турли давлатлардан келаётган сайёҳлар оқими ҳам кундан-кунга кўпаймоқда. Бироқ, аҳоли ва воҳамиз меҳмонларининг тозаликка бўлган талабини кўнгилдагидек қондира олаяпмиз, деб айтиб бўлмайди. Бу талабни қондириш учун эса барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, астойдил ҳаракат қилишимиз керак, – деди вилоят ҳокими.

Ҳар бир кўча ва йўлаклар, турар-жойлар, кўп қаватли уйлар атрофлари, бозорлар ва истироҳат боғларининг тозалиги ва озодалигини сақлаш, маҳаллаларда гул ва дарахт кўчатлари экиш, дарахтларни оқлаш ишларини амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, учрашувда шаҳар ҳудудидаги турар жойлар, ижтимоий муассасалар ва корхоналарни қиш мавсумига тайёраш ҳолати ва мавсумни  беталофат ўтказиш, аҳолини электр, иссиқлик, газ, сув ва бошқа ҳаётий зарур воситалар билан узлуксиз таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама этилди. Мутасаддиларга одамларнинг фаровонлиги ва розилигини ошириш, аҳоли кайфиятига таъсир қилувчи, бирламчи эхтиёж бўлган ушбу хизматларнинг барқарор кўрсатилишини таъминлаш юзасидан  аниқ вазифалар юкланди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.