Туркия Сурхондарё зиёратгоҳларини ўз ичига олувчи тур-пакетлар ишлаб чиқади

Сурхондарё вилоятидаги қадимий маданий-мерос объектлари, архитектура ва археологик ёдгорликлар дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотиб келади. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Туркия етакчи зиёрат туркомпанияларидан бири - «Учбей туризм» вакиллари ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги мутасаддилари ўртасида учрашув ташкил этилди.

Музокаралар давомида Сурхондарё вилоятидаги зиёратгоҳлар, уламолар ва уларнинг илмий мероси ҳақида маълумот берилди. «Имом Абу Исо Муҳаммад Ат Термизий», «Ал-Ҳаким Ат-Термизий», «Хўжамайхона» мажмуаси, «Сўфи Оллоёр», «Хўжаипок ота» ҳамда «Султон Саодат» мажмуаларини ўз ичига олувчи зиёрат туризми йўналиши имкониятлари тақдим этилди.

Сурхондарё вилоятидаги туризм фирмалари билан турк томони ўртасида ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш, вилоят сайёҳлик салоҳияти имкониятларига оид илмий рисолалар, видеоролик ва бошқа тарғибот материаллари тайёрлаш ҳамда тарқатиш масалаларига эътибор қаратилди.

«Учбей туризм» фирмаси раҳбари Хулуси Гулсерен туркиялик сайёҳлар Самарқанд ва Бухородаги муқаддас қадамжолар қатори Сурхондарёдаги зиёратгоҳларга ҳам катта қизиқиш билдиришларини маълум қилди.

Бухородаги «Етти пир» манзилгоҳлари билан бирга Сурхондарёдаги тасаввуф пирлари ва шайхлари мақбараларига зиёратларни ўз ичига олувчи қўшма тур-пакетларни ишлаб чиқиш яхши натижаларни беради, деди Хулуси Гулсерен.

Бўлиб ўтган учрашув натижасида Сурхондарёдаги зиёрат туризми обектларига оид тарғибот материалларини турк тилида тайёрлаш ва  салоҳиятли зиёратчилар ўртасида тарқатиш, Туркиядаги кўргазмаларда вилоят вакиллари иштирокини таъминлашга келишиб олинди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.