Музработда ишлаб чиқариш объектлари ва иш ўринлари яратаётган лойиҳалар билан танишилди

Аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини яхшилаш бугуннинг устивор вазифаларидан биридир. Вилоятимизда ҳам янги қувватларни ишга туширган ҳолда янги иш ўринларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётир.

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бу борада амалга оширилаётган ишлар ва янги лойиҳалар ҳамда уларда яратилаётган иш ўринлари билан танишиш мақсадида Музработ туманига ташриф буюрди.

Дастлаб, туманнинг “Музработ дарвоза” маҳалласи ҳудудида “Музработ парранда” хусусий корхонаси томонидан қайта ташкил этилаётган паррандачилик комплекси фаолияти билан танишилди. Умумий қиймати 53 млрд сўм бўлган лойиҳа йилига 155 млн дона тухум етиштириш имкониятига эга бўлиб, тўлиқ қувватда иш ўринлари сонини 150 тага етказиш мумкин. Айни вақтда лойиҳани қайта ишга тушириш жараёнлари кетаётганлиги сабабли мавжуд қувватлар тўлиқ ишга солинмаган.

Вилоят раҳбари мавжуд имкониятларни ишга солиш, комплекснинг тўлиқ қувватда ишлаши учун тадбиркорга кўмак кўрсатиш бўйича масъулларга вазифаларни белгилаб берди.

Шундан сўнг, Мустақиллик маҳалласида “Отабек-Оғабек-Эъзоза” оилавий корхонасининг темирчилик цехи фаолияти ҳамда унда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўздан кечирилди. Қиймати 700 млн сўмлик лойиҳада темирчилик маҳсулотлари, жумладан, эшик ва дарвозалар, турли ҳажмдаги ўриндиқлар, ёзги айвончалар, темир супалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, 20 нафарга яқин кишининг бандлиги таъминланган. Вилоят раҳбари маҳсулотларни ясаш жараёнлари билан танишиб, тадбиркор устадан “Устоз-шогирд” аънаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатиш таклифини берди. Шунингдек, мутасаддиларга усталар учун шароит яратишда тадбиркорга кўмак кўрсатиш вазифасини топширди.

Кейинги манзилда яна бир паррандачилик лойиҳаси – “Мовароуннаҳр” МЧЖнинг парраданчилик комплекси фаолиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлари билан танишилди. Ҳозирда 70 минг бош парранда боқилаётган комплексдаги имкониятлардан келиб чиқиб, жалб қилинган янги кредит маблағлари ҳамда тадбиркорнинг ўз ресурслари ҳисобига яна 120 минг парранда харид қилиш, ишлаб чиқариш қувватини йиллик 20 млн дона тухум ва 150 тонна гўшт етиштиришга етказиш, шунингдек, иш ўринлари сонини ҳозирги 14 тадан 30 тага ошириш режалаштирилган.

Лойиҳалар тақдимоти ва мавжуд имкониятлар билан танишган вилоят раҳбари ташаббусни қўллаб-қувватлаш учун тижорат банклари ва туман мутасаддиларига тегишли вазифаларни белгилаб берди.

Ташриф якунида Дуоба маҳалласида Президентимизнинг «Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ажратилган имтиёзли кредит маблағлари эвазига “Ҳафизулло Ҳамидулло” хусусий корхонаси томонидан ташкил этилган нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишилди.

Тайёр нон маҳсулотларини кўздан кечирган вилоят раҳбари Президентимизнинг ташаббуси билан тадбиркорларга яратилаётган қулайликлар сабабли энг чекка ҳудудларда ҳам янги иш ўринлари ташкил этилаётганлигини қайд этди. Тадбиркор билан суҳбатда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сотувини ҳам сифатли ташкил этиш учун савдо нуқтаси ташкил этиш юзасидан тавсияларини берди. Бу борада тадбиркорга яқиндан кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга вазифалар юкланди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.