Олтинсой туманида мактаб, боғча ва тиббиёт масканлари фаолияти билан танишилди

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Олтинсой туманига ташриф буюриб, тумандаги таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари фаолияти билан танишди. Дастлаб, Термиз давлат педагогика институтига бириктирилган 45-сонли мактабда таълим сифати ва ўқитувчиларнинг сифат таркибини яхшилаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тақдимоти кўриб чиқилди.

Тақдимотда таълим жараёнларини такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва уларнинг тоифа таркибини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ишлар мактабдаги таълим сифатини ошириш ва ўқувчиларга сифатли билим бериш имкониятларини кенгайтиришга қаратилганлиги қайд этилди.

Шундан сўнг, вилоят раҳбари 8-, 27- ва 56-сонли умумтаълим мактабларини ҳам кўздан кечирди. Ушбу мактабларда куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг қанчалик даражада амалга оширилгани, синфхоналарнинг иситиш тизимлари, материал-техника базасининг ҳолати ҳамда ўқув жараёнларида фойдаланилаётган ускуналар ва методикалар билан танишилди. Шунингдек, 13-сонли айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган мактабда ҳам ўқув жараёнлари билан танишилди.

Хусусан, мазкур мактабларга бириктирилган Термиз давлат университети профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилаётган ишлар, яъни таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг касбий малакасини ривожлантириш ва тоифалаш жараёнларини такомиллаштириш борасидаги тақдимотлар ҳам муҳокама қилинди. Бунда юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва педагогик жамоанинг билим ва кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоят раҳбари туманга ташрифи давомида 29-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам бўлиб, овқатлар тайёрлаш шароитлари билан қизиқди. Рацион асосида озиқ-овқат ва гўшт маҳсулотларининг берилишини таъминлаш, ошхонада санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилиш лозимлиги таъкидланди. Боғчада бу борада йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича масъулларга вазифалар топширилди.

Кейинги манзил “Янги қурилиш” маҳалласидаги “Бобур” оилавий шифокорлик пункти бўлди. Бу ерда аҳоли учун тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ўрганилиб, шифокорлик пунктида олиб борилаётган ишларга баҳо берилди. Тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш юзасидан бажарилаётган ишлар тақдимот қилинди.

Аҳоли саломатлигини яхшилаш ва сифатли тиббий хизматни таъминлаш учун зарур бўлган чора-тадбирларни кучайтириш кераклиги таъкидланиб, мутасаддиларга туманда ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига пухта тайёрлаш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини ривожлантириш юзасидан вазифалар белгилаб берилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.