Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг Ўқитувчи ва мураббийларга байрам табриги



Қадрли устозлар,
Азиз ўқитувчи ва мураббийлар,
Аввало, барчангизни халқимизнинг умумхалқ байрами - Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
1 октябрь санаси яқинлашган сари ҳар биримиз болалигимизни, энг аввало, биринчи ўқитувчимиз ва қадрдон мактабимизни кўз олдимизга келтирамиз.
Илк бор қўлимиздан тутиб, ота-она, Ватан, устоз деган муқаддас сўзларни ўргатган, сабоқ берган Сиз – меҳридарё устозларимиз олдида бир умр қарздор эканимиз ҳам айни ҳақиқатдир.
Чунки, мурғак қалбларга илм-маърифат улашадиган, ҳар бир болани ўзининг фарзандидек кўриб, ардоқлаб, таълим-тарбия берадиган Сиз, азиз ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати чиндан ҳам фидойилик намунасидир.
Бу йилги ўқитувчи ва мураббийлар куни тантаналари ҳали Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёналари қалбимизни қувончга тўлдириб турган улуғ айём кунларида, муҳим сиёсий жараён остонасида, қолаверса, мамлакатимизнинг халқаро миқёсда нуфузи юксалиб бораётган бир даврда бўлиб ўтаётгани ҳар биримизга ифтихор бахш этмоқда.
Азиз устозлар!
Юртимиз таълим соҳаси ҳам давлатимиз тараққиётига ҳамоҳанг равишда юксалиб, янгиланиб бораётгани фарзандларимиз келажаги учун мустаҳкам пойдевор бўлаётир.
Халқимизда “Мактаб тақдири – миллат тақдири” деган пурмаъно гап бор. Шу нуқтаи назардан Президентимиз ва Ҳукуматимиз халқ таълимини ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келмоқда. Бу нафақат соҳа ходимлари, балки кўп минг сонли ўқувчиларимиз ва уларнинг ота-оналарини беҳад қувонтирмоқда.
Барчамиз ўз фаолиятимизда ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “Мактаб масаласи – бу келажак масаласи, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт-мамот масаласи” деган ибораларининг маъносини чуқур англаб, ишимизни шу асосда ташкил этсак, мен ўйлайманки, таълим соҳасида кўзланган мақсадга, албатта, эришамиз.
Кейинги 5 йилда юртимиз таълим тизимида амалга оширилган ислоҳот ва янгиланишларни кўз олдимиздан ўтказадиган бўлсак, ёш авлод келажаги йўлида асрларга татигулик ишлар бўй кўрсатади.
Мисол учун, ота-оналар ва жамоатчиликнинг истаклари инобатга олиниб, умумий ўрта таълим муассасаларининг ўн бир йиллик мажбурий таълимга ўтказилиши, ўқитувчиларимизнинг турли мажбурий меҳнатларга жалб этилмаслиги, уларнинг ойлик маошлари бир неча бараварга ошгани ҳам соҳага кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалий намунасидир.
Бу борадаги ишлар таҳлилига эътибор қаратсак, бугун нафақат мактаб, балки мактабгача, ўрта махсус ва олий таълимда ҳам катта ўзгаришлар юз берганининг гувоҳи бўламиз.
Вилоятда кейинги 4 йилда мактабгача таълим муассасалари сони 294 тадан
1 648 тага, яъни салкам 6 баробарга ортди. Ўз навбатида, қамров ҳам 29 минг
254 нафардан 113 минг 878 нафарга ошди. Яъни қамров 13,6%дан 46,6 %га кўтарилиб, 33%га ошган.
Бугунги кунда вилоятимизда 57 та профессионал таълим муассасаси мавжуд бўлиб, унда 14 минг 528 нафар ўқувчи 107 та касб ва мутахассисликлар бўйича таълим олишмоқда.
Олий таълим соҳасида ҳам мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди, десак муболаға бўлмайди. Маълумки, вилоятимизда бундан 4 йил олдин бор-йўғи 1 та олий таълим муассасаси бўлиб, унда 6500 нафар талаба ўқир эди. Ҳозирга келиб олий таълим муассасаларимиз сони 6 тага, ундаги талабалар сони эса 37 минг нафарга етгани сир эмас.
Бундан ташқари, Ҳурматли Президентимизнинг жорий йил 1-2 июнь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида берган топшириқларига асосан Агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтини ҳамда Термиз муҳандислик-технология институтини ташкил этиш юзасидан ишлар олиб борилаяпти.
Қадрли мураббийлар ва устозлар!
Азиз воҳадошлар!
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида эътибори туфайли фарзандлар таълим-тарбияcи учун халқаро андозаларга мос шароит яратилаяпти, ўқитувчи ва мураббийларимизнинг ижтимоий аҳволи тобора яхшиланиб бормоқда, десак бу ҳам айни ҳақиқат.
Вилоятда ўқувчиларни 5 та муҳим ташаббусга тўлиқ жалб этиш учун барча зарур шароитлар яратилмоқда.

Murod Saraosiyo, [01.10.21 10:16]
Мана шу ислоҳотларнинг самараси сифатида бу йил умумтаълим мактабларимизда аъло баҳоларга ўқиган 515 нафар битирувчи олтин ва 161 нафар ўқувчи кумуш медаль олишга муваффақ бўлгани, Республика фан олимпиадасида эса 3 нафар ўқувчимиз ғолиб бўлгани, 100 дан ошиқ 11-синф ўқувчимиз хорижнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда муддатидан олдин ўқишга киргани барчамизни қувонтиргани шубҳасиз.
Қолаверса, жорий йилда мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига ўқишга кирган битирувчиларимиз салмоғи ўтган йилги 6,8 фоизга нисбатан 2,5 бараварга кўпайиб, 19 фоизга етгани ҳам Сиз, азиз фидойи устозларимиз меҳнатининг самараси, десам муболаға бўлмайди.
Бугун ўқувчиларимиз Республика ва Халқаро спорт мусобақаларида ҳам яхши натижаларга эришиб, олтин, бронза ва кумуш медалларга сазовар бўлаётганини эътироф этиш жоиз.
Жумладан, Осиё биринчилигида 5 ўқувчимиз олтин ва бронза, Ўзбекистон кубоги мусобақасида 71 нафари олтин, кумуш ва бронза, Ўзбекистон чемпионатида 389 нафари олтин, кумуш ва бронза медаллари соҳиби бўлди.
Ёшларимизнинг бундай юксак натижаларида Сиз, азизларнинг хизматингиз беқиёсдир. Ана шундай фидойи муаллимларимиздан Узун туманидаги 3-сонли мактаб-интернатнинг биология фани ўқитувчиси Музаффар Ражабов “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мукофоти лауреати” республика кўрик-танловида 3-ўринни қўлга киритди.
Россия Федерациясида ташкил этилган Халқаро илмий-амалий онлайн фестивалда Шўрчи туманидаги 21-сонли мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси Альбина Салохиддинова “Энг яхши дарс ишланмаси” номинацияси ғолиби бўлди. “Ўзбек тили ва адабиётини ўқитишнинг замонавий методикаси: интеграция, методология, амалиёт” мавзусидаги Халқаро конференцияда Термиз шаҳридаги 23-сонли мактаб ўқитувчиси Дилбар Нурмуҳамедова она тили фани йўналиши бўйича энг яхши мақола муаллифи сифатида эътироф этилди.
Бундан кейин ҳам фидойи устозларимиз ва иқтидорли ўқувчиларимизнинг турли танлов ва мусобақаларда ўз маҳоратини муносиб намойиш этишига ишонамиз.
Қадрли устозлар!
2021-2022 ўқув йилидан вилоятимизда 15 та чет тили, 5 та математика, 3 та кимё ва биология, 6 та информатика ва ахборот технологиялари фанларига ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилди. Натижада вилоятимиздаги фанларни чуқур ўрганишга ихтисослашган мактаб ва мактаб-интернатлар сони 50 тага етди.
Бугунги кунда 901 та (97 фоиз) умумтаълим мактабимиз тўлиқ замонавий компьютер билан, 931 та (100 %) мактаб оптик толали алоқа линиялари билан таъминланди.
Бу йил вилоятимизда Инвестиция дастурига биноан 3 та янги мактаб биноси қурилди, 29 та мактаб капитал реконструкция қилинди, 2 та мактаб капитал таъмирланиб, 163 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига биноан 29 та мактабда 79 миллиард 9 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
Термиз шаҳрида Республика бюджети маблағлари ҳисобидан 40 миллиард сўм маблағ ҳисобига 168 ўринли Президент мактаби барпо этилмоқда. Мазкур таълим муассасасига 144 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинди.
Қадрли устоз ва мураббийлар!
Замон шиддати тезлашиб, олдимизга бир-биридан ўткир ва мураккаб масалаларни қўяётган бугунги даврда ёшларнинг дунёқарашини замонавий билим, юксак маънавият ва маърифат асосида шакллантириш барчамиздан янада масъулият талаб этмоқда.
Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Сиз, ҳурматли ўқитувчи ва мураббийлар фарзандларимизнинг Ватанга садоқатли, илмли, касб-ҳунарли бўлиб камол топиши йўлида бор билим ва тажрибангизни аямайсизлар.
Биз эса Сиз, азизларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатингизни муносиб қадрлашга, Сизлар билан бир сафда туриб, елкама-елка фаолият олиб боришга, қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёрмиз.
Қадрли устоз ва мураббийлар!
Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни, Сизлар орқали вилоятимизда таълим соҳасида фаолият кўрсатаётган барча ўқитувчиларни, мураббийларни ва устозларни яна бир бор касб байрамингиз билан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.