Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда  “Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг обуна бўйича аудиоси. Нима деяпти? Ихтиёрий-мажбурий, ҳаммаси билан гаплашасан деяптими?”  сарлавҳаси билан аудиоматериал турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ушбу ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қилади:

Жорий йилда вилоят ҳокими раҳбарлигида обуна масаласида йиғилиш, учрашув ўтказилмаган. Мазкур аудиоёзув 2021 йилдаги йиғилишлардан монтаж қилинган.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталарига муассис ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги  қонунининг 14-моддасида муассис зиммасига юклатилган вазифалар қаторида ўз муассислигидаги оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини таъминлаш ҳам бор.

Мамлакатимизда кейинги йилларда ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан халқимизнинг мутолаа маданиятини юксалтириш, аҳоли, айниқса ёшларни китобхонликка кенг жалб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, 2020 йил 30 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида газета ва журналлар масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, “Афсуски, биз кейинги йилларда “мажбурий обуна” баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди. Шундай аянчли ҳолга келдикки, ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлдилар”, дея таъкидлаган эдилар.

Шунингдек, ҳудудлардаги давлат муассасаларига ўз соҳасига алоқадор босма нашрларга йиллик обуна учун маблағ ҳам ажратилади. Вилоят раҳбари “мажбурий” сўзини ишлатганида ана шу маблағ асосида обуна бўлишга эътибор қаратган.

“Ихтиёрий” сўзини эса ўз маблағлари ҳисобидан ўзлари истаган ёки қизиқиб мутолаа қиладиган нашрга мустақил обуна бўлишини назарда тутган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, айни пайтда вилоят ҳокимлиги муассислигидаги “Сурхон тонги” газетаси 9430, “Заря Сурхана” газетаси 1300 нусхада чоп этилмоқда. Таҳририят  ижодкорлари бошқа соҳалар қатори таълим тизими ходимлари, ҳурматли устоз ва мураббийлар билан яқин ҳамкорлик асосида фаолият юритиб, газеталарнинг деярли ҳар бир сонида таълимга оид ҳамда ўқитувчи ва мураббийлар қаламига мансуб мақолаларни ҳам чоп этиб келмоқда.

Шу ўринда, ижтимоий тармоқ фаолларидан “пашшадан фил ясаб”  вилоят ҳокимининг фикрларини нотўғри талқин қилмасликни, даврий босма нашрлар обунаси ҳақида ноўрин тушунчага бормасликни сўраган ҳолда вилоят ҳокимлиги бундан кейин ҳам барча соҳалар сингари воҳадаги матбуот ва босма даврий нашрлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қиламиз.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.