Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда Сариосиё туманидаги 28-сонли мактаб директори У.Т. билан боғлиқ видеолавҳа эълон қилинди. Кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари муҳокамасига сабаб бўлган ушбу ҳолат жорий йил 26 июль куни тумандаги 12-сонли мактабда вилоят миқёсида умумтаълим мактабларини янги ўқув йилига тайёрлаш бўйича ўтказилган семинарда кузатилган.

Семинарда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ажратилган 11 млрд. сўмдан ортиқ маблағ эвазига харид қилинган қурилиш материалларини топшириш ва уни мақсадли ишлатиш масалалари кўрилиши белгиланиб, мактаблардаги таълим-тарбия сифатини яхшилаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш, уларни ортиқча ишларга жалб этмаслик ва турли сабаблар билан ота-оналардан пул йиғиш ҳолатларига чек қўйиш лозимлиги ҳам таъкидланган.

Шу ўринда, семинар Сариосиё туманида бўлиб ўтаётганлиги сабабли, ижтимоий тармоқларда кўплаб эътирозлар ва норозиликларга сабаб бўлган тумандаги 28-сонли мактабдаги салбий ҳолатлардан хулоса чиқариш зарурлиги айтилганида, унда иштирок этаётган У.Т. жамиятда ўзини тутиш одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда бақир-чақир қилиб, айтилган ҳолатларга ўзи эмас бошқалар айбдорлигини билдириб жанжал кўтарган. Шундан сўнг жамоат тартибини сақлашга масъул бўлган Ички ишлар органи ходимлари уни залдан олиб чиқишган.

Бир неча йиллардан буён Сариосиё туманидаги 28-сонли мактаб директори билан боғлиқ кўплаб видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда  жойлаштирилаётган бўлиб, уларда асосан мактаб директорининг ўқитувчи ва ота-оналар билан жанжаллашаётгани акс этган, мактаб жамоаси ва ота-оналар доимий равишда видео мурожаатлар йўллаб, мактабда муҳит яхши эмаслиги, директорни вазифасидан озод этиш кераклиги, содир бўлган ҳолатларни чуқур ўрганиб, ҳуқуқий баҳо бериш лозимлигини сўраб келишган.

Ҳозирда 28-сонли мактаб ўқитувчилари ва ота-оналарнинг мурожаатларига асосан тегишли ўрганиш ишлари олиб борилаётганлигини, натижалари тўғрисида қўшимча ахборот берилишини маълум қиламиз.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.