Сурхондарёда Туркия компанияси мастер режани амалга оширади
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Туркиянинг «ND İmar İnşaat ve Ticaret A.Ş.» компанияси раҳбари Надир Дўған бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида вилоят раҳбари Ўзбекистон-Туркия муносабатларига тўхталиб, Президентларимизнинг ташаббус ва сай-ҳаракатлари билан ҳамкорликни янада фаоллаштириш мақсадида мамлакатларимиз ҳудудларининг тўғридан-тўғри мустаҳкам алоқалари йўлга қўйилганлиги таъкидлади. Шунингдек, воҳамизда Туркия билан ҳамкорликда 17 та қўшма ва хорижий корхоналар фаолият юритаётганлиги, сўнгги 5 йил мобайнида 58,0 млн доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилганлиги қайд этилди.
Ўз навбатида Туркия компанияси раҳбари Сурхондарёда янги лойиҳаларни амалга оширишдан мамнун эканлигини таъкидлаб, Сурхондарё вилоятида икки босқичли, 2050 йилгача 10 млн, 2070 йилгача 20 млн аҳоли учун мўлжалланган мастер-режани тақдимот қилди. Шунингдек, Термиз шаҳрининг мастер режасини ишлаб чиқишда иштирок этиш, воҳамиздаги хомашё ва яримтайёр маҳсулотларни тайёр маҳсулотга айлантириб, жаҳон бозорларига олиб чиқиш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш ҳамда йирик ишлаб чиқариш ва саноат зоналарини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Якунда тақдим этилган лойиҳаларнинг техник ва иқтисодий томонларини ишлаб чиқиш, томонларнинг малакали мутахассисларини жалб қилган ҳолда амалий ҳаракатларни бошлаш бўйича келишувларга эришилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz